Ўзбекистонда, хусусан, мамлакат пойтахтида бензин тақчиллиги шу қадар одатий ҳолга айланиб қолдики, бу ҳақда эндиликда маҳаллий ахборот воситалари ҳам ёза бошлади, машиналар ёнилғи шоҳобчалари олдида километрларга чўзилган навбатда тургани акс этган фотосуратларни эълон қилмоқда.
Мухбиримиз вилоятлардаги вазият қандайлигига қизиқди.
Ишни Жиззахдан бошладик. Вилоят ҳокимлигидан шарқ томонда, ҳокимликдан 3,5 – 4 километр узоқликда, шаҳарнинг шоҳ кўчасида жойлашган ёнилғи шоҳобчасига яқин жойда яшовчи Озодлик манбаси 5 ноябрь куни эрталаб бензин олиш учун автомашиналар навбати камида 200 метрга чўзилгани тўғрисида айтиб берди.
“Бензинга навбат пайдо бўлганига камида бир ҳафта бўлди”, деди манба.
Бухоролик такси ҳайдовчисининг гапи ўта қисқа бўлди:
“Ҳатто коммерческий, деб аталувчи, нархи 3200-3300 сўмга чиққан бензинга ҳам 3 – 4 соат навбатда туриш керак”.
Бу гапни айтгач, бухоролик ҳайдовчи суҳбатни давом эттиришни истамади.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани марказида яшовчи Набижон Жўрабоев ёнилғи билан боғлиқ вазият тўғрисида мана буларни айтиб берди:
- Давлат нархида бензин умуман йўқ. Кеча заправкага кириб сўровдим, 9 ойдан бери сотмаяпмиз, деди Абдусалом деган йигит. Коммерческийси бор. 3000 сўмдан. Мен ўзим 10 литр бензин олдим 30000 сўмга.
Озодлик Фарғонадаги манбаси шаҳарга Қиргули томондан кириб боришдаги Жойдам гузарида жойлашган ёнилғи шоҳобчасида автомашиналар навбатда турганини кўрганини хабар қилди.
Фарғонадаги вазиятни ўрганиб беришни шу ерлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевдан илтимос қилдик.
- Ёнилғи шоҳобчалари эгаларининг кўпчилиги билан гаплашиб кўрдим. Аксариятининг гапи бир жойдан чиқди. Давлат нархидагиси у ёқда турсин, тижорат нархидаги бензинни ҳам бир ойда марта бўлсин, ололмаяпмиз, дейишди. Нефтни қайта ишлаш заводидаги манбаларнинг айтишича, тижорат нархидаги бензинга нефть базалари буюртма бермаяпти экан. Базалар тижорат нархидаги бензинни шоҳобчалар олмаяпти, деб баҳона қилишаркан. Бундай баҳона сабабини шоҳобча эгалари тижорат бензинидан озроқ фойда қолса керак базаларга, деб айтишди, деди Абдусалом Эргашев.
Бензиннинг навбатдаги сурункали тақчиллигига ҳатто маҳаллий ахборот воситалари ҳам эътибор қаратганидан сўнг, балки Тошкентда 5 ноябрь куни аҳвол ўзгаргандир, деб пойтхатдаги ёнилғи шоҳобчаларидан 10 тасига Тошкент вақти билан соат 14.50 дан 15.30 гача қўнғироқ қилдик ва бензин борми, деган жўн савол бердик.
Қуйида аввал ёнилғи шоҳобчалари номини, кетидан шоҳобча операторлари жавобларни келтирамиз:
“Алоқа” – Бор.
“Байналмилал” – Бензин бор, свет йўқ.
“Вокзал” – Тамом бўлди.
“Жарқўрғон” - телефонни кўтармади.
“Қоратош” - телефонни кўтармади.
“Лимонарий” - Йўқ. Эртага 6.30 да телефон қилинглар, келса айтамиз.
“Сирғали-1”- телефонни кўтармади.
“ТТЗ” - Бензин тугади. Эртага бўлади.
“Чуқурсой” - телефонни кўтармади.
“Шаҳристон” - телефон банд.
Демак, Озодлик 5 ноябрь, тушдан кейин Озодлик боғланган 10 та шоҳобчадан:
биттасида бензин бор эди;
биттасида бензин бору уни қуйиш учун электр қуввати йўқ эди;
учтасида бензин йўқ эди;
телефони кўтарилмаган тўртта шоҳобчада
ҳамда
телефони банд бўлган битта шоҳобчада бензин борликдан кўра йўқликка яқинроқ эканлигини умумий вазиятдан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкин.