Ҳиндистонда ўзбекистонлик раққосани ўлдирганликда гумонланган шахс қўлга олинди

Ҳиндистонлик полициячилар 17 ноябрь куни араб рақсларини ижро этувчи ўзбекистонлик қизни ўлдиришда гумонланаётган бир эркакни ҳибсга олди. Бу ҳақда Hindustan Times нашри хабар тарқатди.

Қўлга олинган гумонланувчи икки ой муқаддам ўзбекистонлик Шаҳноза Шукуровани ўлдириб, жасадини парчалаб, жомадонга жойлаб, Самалха шаҳри чеккасида ёқиб юборганликда айбланмоқда.

22 ёшли Шаҳноза, тахминларга кўра, 24 сентябрь куни йўқолиб қолган. Шукурова ғойиб бўлгандан икки кун ўтгач, Ҳарён полицияси қисман куйган бир жасадни топган ва ўлим ҳодисасини қайд этган. Бироқ бу жасад айнан ўзбекистонлик раққосага тегишли экани 17 ноябрга келиб аниқланган.Бу вақт оралиғида Шаҳнозанинг онаси уни Деҳли ва атрофидан қидириб юраверган.

Полиция маълумотларига кўра, ўзбек раққосасини Ҳарён қишлоғига олиб кетган асосий гумонланувчи ҳам ўзбекистонлик бўлиб, у Шаҳноза билан аввалдан таниш бўлган.

Айбланувчилардан бири сўроқ пайтида Шаҳнозани пул билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш баҳонасида чақиргани, кейин эса Ҳарёнга олиб кетганини тан олган. Полицияга кўра, бу шахс қизни бўғиб ўлдиргани, кейин эса жасадни катта жомадонга жойлаганини ҳам эътироф этган. Кейин эса улар жасаддан қутулиш учун учун уни ёқиб юборганлар.

“Шаҳнозанинг ҳайдовчисидан тушган шикоят аризаси асосида биз одам ўғирлаш ҳодисасини қайд этдик ва гумонланувчиларни сўроққа чақирдик. Жиноят эътироф этилганидан кейин гумонланувчилардан бири полициячилар билан бирга жасад ёқиб юборилган жойни кўздан кечириш учун Самалхага юборилди”, дея иқтибос келтиради Hindustan Times нашри Ҳарён полицияси зобити сўзларидан.

Полиция маълумотига кўра, мақтуладан олинган ДНК намунаси унинг онасидан олинган намуна билан солиштирилган.

Бу воқеадан кейин полиция гумонланувчини ҳибсга олган ҳамда унинг яширинишга улгурган яна бир шеригини қидиришга тушган.