Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшовчи 30 ёшли Дилноза Ҳудойберганова икки фарзандини пичоқлади. Оқибатда 7 ёшли Шахло ҳаётдан кўз юмди, 10 ёшли Бозорбой оғир яраланди. Воқеа 15 ноябрь куни, кечқурун Ғойбу қишлоғининг Қози Қорабой маҳалласида рўй берди. Гувоҳларга кўра, аёл тергов пайти рўзғор тебратишга қийналгани сабабли фарзандларини пичоқлаганини айтган.
Қўшниларининг Озодликка айтишича, аёл қизини юрагига пичоқ уриб ўлдирган.
– Уйда дод-вой бўлди, борсак фарзандлари қонга беланиб ётибди. Қизи ўлиб бўлган. Ўғлининг курак қисмини бир қанча жойига пичоқ урилган, чалажон ётибди. Аёлнинг ўзи кўчага қочиб кетган экан, кейин қўшнилар ушлаб келишди. Ҳамма ери қон. Қизини кеча дафн қилишди. Ўғли реанимациядан чиққан, дейишяпти, кўп қон йўқотган экан, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ғойбулик йигит.
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси расмийлари Дилноза Ҳудойберганова ҳибсга олингани ва унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш банди бўйича жиноят иши очилганини айтишди.
Қўшниларига кўра, тергов давомида Дилноза фарзандларини рўзғор тебратишга қийналгани сабаб пичоқлаганини айтган.
Дилноза Ҳудойберганова Ғойбу қишлоғидаги 15-сонли мактабда фаррош бўлиб ишлар эди. Эри эса шу мактабда қоровул.
Мактаб раҳбарияти вакили эр-хотин маошини вақтида олиши ва рўзғоридан ҳеч қачон нолимаганини айтди.
- Маошини вақтида олиб келган. Ҳайрон бўлдик нимага бунақа бўлганига. Эри ҳам ҳайрон. Дилнозанинг руҳий проблемаси бўлмаган. Фарзандлари ҳам бизни мактабга боришар эди, яхши ўқувчилар эди, - дейди Ғойбу қишлоғидаги 15-сонли мактабнинг масъул ходимларидан бири.
Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида бундай қотилликлар тез-тез рўй бериб турибди.
Шу йилнинг февраль ойида Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар аёл ўз отасини болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.
Тергов давомида аёл оилавий келишмовчилик боис келиб чиққан жанжал натижасида ушбу қотилликка қўл урганини айтган.
Жорий йилнинг июль ойида Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.