Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда экстремистик материалларни тарқатганлик айби билан институт талабасини ҳибсга олди. РИА новости агентлигининг Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, ҳибсга олинган талаба шахси Мўминжон Сиддиқов, деб берилмоқда. У Қўқон педагогика институтида ўқиган.
“Сиддиқов ижтимоий тармоқларда ўндан ортиқ фойдаланувчи билан жиҳод, халифалик кўринишидаги давлат қуриш тўғрисида ёзишма олиб борган”, дея иқтибос келтирилади хабарда ИИВ вакили сўзларидан.
Унинг сўзларига кўра, ҳибсга олинган шахс мобиль телефони хотирасидан мазкур материаллар аниқланган.
Айни кунларда Тошкент шаҳри ва вилоятларида “Исломий давлат” экстремист гуруҳига алоқадорлик иддаолари ҳибсга олишлар давом этмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, пойтахтда 200дан ошиқ одам ҳибсга олинган.
Ўтган ойда Қўқонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрта мактабнинг икки аёл ўқитувчисини “Исломий давлат” экстремист гуруҳи варақаларини тарқатганлик айби билан ҳибсга олгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. Аёлларнинг мобиль телефонида ҳам “Исломий давлат” варақалари топилган эди.
Октябрь охирида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди маҳаллий коллежлардан бирининг 18 яшар талабаси Фирдавс Салимовни “Исломий давлат” варақаларини тарқатганликда айбдор деб топиб, тўқиз йилга қамоққа ҳукм этди.