Свет йўқлигидан шикоят қилган йигит бесоқолбозликда гумонланмоқда

Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани милиция ходимлари электр чекловлари киритилганига эътироз билдирган Муҳаммадризо Эргашевни бесоқолбозликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Бу ҳақда Озодликка 20 яшар Муҳаммадризо Эргашевнинг яқинлари хабар берди. Аммо, Жалолқудуқ туман ИИБ навбатчиси Эргашевнинг ҳибсга олингани борасида Озодликка маълумот бермаслигини билдирди.

Ўтган ой Муҳаммадризо Эргашев Озодлик билан суҳбатда электр тақчиллигидан шикоят қилгани учун милиция ходимлари уни беш кун давомида ҳибсда сақлашганини иддао қилганди.

"Ваҳима қилманг"

Муҳаммадризо Эргашев яқинларига кўра, 20 ноябрь куни тунги 22:30да уч нафар милиция ходими Ойим қишлоғида жойлашган Эргашевлар хонадонига келиб, 20 ёшли Муҳаммадризони милиция бўлинмасига олиб кетган.

Уч киши келди. Ваҳима қилманг, ўғлингизни қидирманг, биз келганимизни ҳеч кимга айтманг, ўзимиз хабар берамиз, агар ваҳима қилсангиз, ҳаммангни қамаб ташлаймиз, дейишди,” дейди Муҳаммадризо Эргашев яқинларидан бири.

Унинг илова қилишича, яқинлари Муҳаммадризо Жалолқудуқ тумани Ички ишлар идораси ҳибсхонасида сақланаётганини эртаси куни эрталаб аниқлашган.

Бесоқолбозлик

Суҳбатдошнинг милиция ходимларига иқтибосан маълум қилишича, Муҳаммадризо бесоқолбозликда гумон қилинмоқда.

Муҳаммадризонинг қўл телефонидан гўёки порно видеолар топилганмиш. У гўёки бесоқолбозлик қилганмиш. Буларнинг бари уйдирмадан бошқа ҳеч нима эмас. Муҳаммадризони, менимча, свет йўқлигини очиқча гапиргани учун қамаб қўйишди,” деди Муҳаммадризо Эргашев яқинларидан бири.

Аммо Жалолқудуқ туман Ички ишлар идораси навбатчиси Эргашевнинг ҳибсга олингани ва унга қўйилган айблов борасида Озодликка маълумот бермаслигини айтди.

Ўзбекистон Жиноят кодексига мувофиқ, бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.​

“Уй қамоғи”

19 ноябрь куни Муҳаммадризо Эргашев Озодлик мухбири билан суҳбатда ўтган ой свет йўқлигидан шикоят қилиши ва мазкур шикоятга асосланган мақола Озодликда нашр этилишли ортидан унга нисбатан босимлар кучайганини айтганди.

Ишдан бўшатишди, буям етмагандай уй қамоғига олишди, - деб айтганди Муҳаммадризо Эргашев. – Ҳозир назоратдаман куну тун, лекин свет ҳалиям берилгани йўқ.”

Эргашев, шунингдек, Жалолқудуқ туман ИИБ ходимлари ундан қўл телефонини ва ҳужжатларини ҳам олиб қўйишганини иддао қилганди.

Ҳеч нимага тушунмаяпман, - деб айтганди Муҳаммадризо Эргашев Озодлик билан суҳбатда. - Ўз ҳақимни талаб қилганим жиноятми?!"