Самарқанд шаҳрининг Сўзангарон маҳалласида хашар йўли билан катта маблағ ва куч сарфланиб қурилган Хожа Нисбатдор масжидининг янги қисми 23 ноябрь куни эрта тонгда ёниб кетди. Гувоҳлар олов масжид ёнидаги дўкондан туташганини хабар қилмоқда. Гувоҳлар масжиддаги ёнғинни ўчиришга келган ўт ўчириш машиналарида сув бўлмаганини айтмоқда.
Самарқанд шаҳрининг Сўзангарон маҳалласида жойлашган масжидида 23 ноябрь куни тонгги соат тўртлар атрофида ёнғин содир бўлди. Сўзангарон маҳалласи аҳолиси масжиднинг янги қисмини бир неча йил давомида хашар йўли билан катта куч ва маблағ сарфлаб қуриб битирган эди. Масжиднинг янги қисми нақшлар билан безатилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Самарқандлик журналист Тошпўлат Рахматуллаев facebook саҳифасида ва шахсий блогида ёнган масжиднинг фотосуратларини эълон қилди. Суратларда масжидга жиддий зарар етгани ва нақшинкор пештоқлар билан масжид томи ёниб кетгани акс этган.
“Жойида бўлиб, воқеага гувоҳ бўлганлардан сўраб, қуйидагиларни аниқладим. Ёнғин соат тўртлар атрофида масжидга туташ қурилган ва кўплаб жанжалларга сабаб бўлган хусусий савдо дўконидан ёки масжиднинг унга яқин қисмидан бошланган. Ёнғин бинонинг жанубидан шимол томонга қараб ёйилганлиги бундан далолат бериб турибди”, деб ёзади Тошпўлат Рахматуллаев ўз блогида.
Воқеа гувоҳлари масжидга ўт кетганини электр симларидаги носозликлар билан боғламоқда. Гувоҳларга кўра, саҳарги соат тўртда катта кучланишда ток берилган ва бунинг оқибатида ёнғин чиққан.
- Бу бир бахтсиз ходиса бўлди. Электр симларида замикания бўлиб ёниб кетди, масжид. Ким билади, симлар эски бўлганми ёки қандайдир бошқа сабаби борми. Ёнғинга электр симидаги замикание сабаб бўлган,деб ўйлаяпмиз, - деди воқеа гувоҳларидан бири Рахматулло.
Гувоҳларнинг айтишича, масжидаги ёнғинни ўчиришга келган тўртта ёнғинни ўчириш машинасидан фақат биттасида сув бўлган.
- Ёнғинни ўчиргани тўртта пожарний машина келди. Улардан фақат биттаси ёнғинни ўчира бошлади. Қолган учтасида сув йўқ экан. Улар сув топгунча ёнғин кучайиб кетди ва масждидга жиддий зиён етди. Ҳамма машинада сув бўлганида эди, ёнғин масжидга тўла ёйилиб кетишининг олди олинган бўлар эди, - деди Озодлик радиоси мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган воқеа гувоҳларидан бири.
Самарқанд ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳозирча Хожа Нисбатдор масжидига ўт кетиши сабабларини очиқлагани йўқ. Мутахасислар бу борада текширув ишларини олиб бормоқда.
Самарқанд вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини Ёқубов деб таништирган ходими, Хожа Нисбатдор масжидидаги ёнғин сабабларини ўрганаётган мутахасилардан бири эканини айтди. Озодлик мухбирига ўз овозини ёзиб олишга рухсат бермаган бу ходим воқеа гувоҳлари иддаоларини инкор иэтди:
- Бу ёнғин сабаблари ҳақида ҳали бирон нарса айтишга эрта. Чунки лабаратория текширувлари ва анализлари эндигина бошланди. Дастлабки хулосаларни эса сизга телефон орқали айта олмайман. Бунинг учун сиз ўзингиз расмий сўров билан бизга келишингиз керак. Одамларнинг тўрт ўт ўчириш машинасидан учтасида сув йўқ эди, деган гаплари ҳам тўғри эмас. Бундай бўлишига мутлоқо йўл қўйилмайди. Сувсиз машинани қайси аҳмоқ ёнғин ўчиришга жўнатади? Одамлар ҳамма нарсани гап деб гапираверади-да, - дедиСамарқанд вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини Ёқубов деб таништирган ходими.
Ўзбекистонда сўнгги бир йилда бозорлар ва бир қатор умумий овқатланиш шаҳобчаларида катта ёнғинлар юз берди. Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийлари ёнғинларга асосан электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлганини айтиб келади. Айрим ҳолатларда эса ёнғин газ баллонидан нотўғри фойдаланиш оқибатида келиб чиққани билдирилади.
Масалан, Самарқанддаги масжидга ўт кетишидан икки кун аввал Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги "Parlament" кафесида ёнғин содир бўлган.
5 ноябрь куни эса Гулистон бозорига ўт кетиб, 10дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлган.
Шу йилнинг июнь ойида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги кийим-кечак бозорида ёнғин рўй берди.
Март ойида Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги марказий бозор ёниб кул бўлди.
Икки ой аввал эса Тошкентнинг "Беруний" метросига яқин озиқ-овқат бозори ҳудудида ёнғин келиб чиқди.
Бундан аввал Тошкентнинг Қатортол кўчасидаги бозор, "Тахта бозор" ва "Чинни бозор"да ҳам ёнғинлар рўй берган эди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бошқармасига кўра, шу йилнинг 10 ойи мобайнида биргина Тошкент шаҳрида бир ярим мингга яқин ёнғин рўй берган.