Усмон Ғозий ишонган Толиб қўмондони мулла Додуллоҳ ўлгани тасдиқланди

Мулла Мансур Додуллоҳ

Афғон расмийлари ва маҳаллий оқсоқоллар ўтган ой Зобулда бўлган жангларда ўзбек жангарилари ҳимоясида юрган қўмондон мулла Додуллоҳ ўлдирилганини тасдиқлади. Додуллоҳнинг сўнг онларига оид тафсилотлар тақдири номаълум қолаётган собиқ ЎИҲ етакчиси Усмон Ғозий асир олингани ва сўнгра ўлдирилганига оид норасмий маълумотларни қисман тасдиқламоқда.

"Исёнчи" толиб мулла Додуллоҳ

Толиб қўмондонлари ва Афғонистон расмийлари бир ой муқаддам Зобул вилоятида бўлган жангларда "Исломий давлат"га байъат берган исёнчи толиблар қўмондони мулла Мансур Додуллоҳ ўлдирилганини тасдиқламоқда.

New York Times нашрининг ёзишича, Зобул ҳокимиятининг хавфсизлик кучлари раҳбари Ғулом Жилоний вилоятнинг Хоки Афғон туманида бўлган ўзаро жангларда мулла Додуллоҳ ўлганини тасдиқлаган. Ҳилманд ва Ўрузгон вилоятларидаги Толиб қўмондонлари ҳам жанглардан 20 кундан ошиқ вақт ўтиб, бу хабарларни тасдиқлади.

Додуллоҳ Толибларнинг мулла Умардан кейинги раҳбари - шу кунда оғир жароҳатлангани айтилган ва ўлгани тахмин қилинаётган мулла Ахтар Мансурнинг асосий рақиби эди.

У Толибларга 20 йилдан ортиқ раҳнамолик қилган мулла Умарнинг ўлими икки йилдан ортиқ сир сақлангани ва бу вақт давомида унинг номидан баёнотлар тарқатиб, дунёга қўшиб Толиблар жамоати ҳам алданганига қарши норозлигини билдирган.

Шу йилнинг июнь ойида Додуллоҳ етакчилигидаги бир гуруҳ толиб жангарилари "Исломий давлат"га байъат бергач, мулла Ахтар Мансур "исёнчи толиблар"ни йўқ қилиш учун ноябрь ойида юзлаб жангчиларини Зобулга йўллади ва 6-9 ноябрь кунлари Толиблар ичида ўзаро қақшатқич жанглар кузатилди.

Ўзбеклар Додуллоҳга содиқ қолди

2 декабрь куни New York Times газетаси маҳаллий оқсоқоллар, Толиблар ичидаги манбалари ва маҳаллий расмийларга таяниб, Додуллоҳга сўнг онларига қадар ўзбек жангарилари содиқ қолгани ҳақидаги мақолани чоп қилди.

Хоки Афғон тумани оқсоқолларининг айтишича, Ахтар Мансур қўшинлари Додуллоҳ жангариларини қўшни Арғандоп туманига қувиб юборгач, Додуллоҳнинг ўзи маҳаллий қўмондонлардан бири - "Исломий давлат"га хайрихоҳ мулла Абдуллоҳ Ҳақмолнинг уйига яширинган.

Додуллоҳнинг Толиблар асир олган жангчиларидан бири у яширинган манзилни сотиб қўйган. Кейин Толиблар исёнчи сафдошлари яширинган уйни қуршаб олиб, уларни таслим бўлишга чақирган.

Додуллоҳ таслим бўлмаган, аксинча собиқ сафдошларига қарата ўт очган. Натижада, уйга бомба отилган ва унинг ичидаги жангариларнинг ҳаммаси ўлдирилган.

Маълум бўлишича, ўлганларнинг аксарияти Додуллоҳга сўнг онларида ҳамрохлик қилган ўзбек жангарилари бўлган. Уларнинг сони бир неча ўн киши, деб келтирилмоқда.

Ўзбеклар жасади сақланди

Покистон ва Афғонистондаги қатор нашрларнинг ёзишича, Ахтар Мансур одамлари аввалига мулла Мансур Додуллоҳ ва унга содиқ жангарилар жасадини олишга рухсат бермаган. Бир неча кун ўтгачгина (аниқ муддат айтилмаётир - таҳр.) рухсат беришган ва маҳаллий оқсоқоллар портлатилган уй ичида қолиб кетган ҳамқишлоғи мулла Абдуллоҳ Ҳақмол ва бошқа ўзбеклар жасадини олиб, кўмишган.

Шу тариқа, ўтган бир ой ичида мулла Мансур Додуллоҳ ўлган, деган овозалар маҳаллий расмийлар, Толиб қўмондонлари ва оқсоқоллар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Аммо, Додуллоҳнинг матбуот вакили - мулла Наим Ниёзий бу хабарларни рад этиб келмоқда. Унга кўра, қўмондони оёғидан жароҳатланган ва Ахтар Мансурнинг одамлари уни узоқ вақт тутиб туриб, сўнгра қўйиб юборгач, олиб кетилган ва ҳозирга келиб даволанган.

Додуллоҳ ўзбекларни ИШИДга оғдирди

Толибон раҳбари мулла Ахтар Мансур матбуот хизмати эса сўнгги ойларда мулла Додуллоҳ ва яна бир исёнчи қўмондон - мулла Муҳаммад Расул Афғонистон шарқида йиғилган жангариларни моддий манфаат эвазига "Исломий давлат"га оғдирди, деган айбловни эълон қилган.

Афғонистон ва Покистондаги қатор нашрлар 2015 йилнинг бошидан буён бу минтақага юзлаб ўзбек жангарилари боргани ҳақида хабар қилмоқда.

Толиблар матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид берган баёнотларда Додуллоҳ етакчилигидаги жангарилар ўз назорати остидаги ҳудудларда бедодлик қилгани, маҳаллий аҳолини тунагани, шунингдек, ўзбек жангарилари маҳаллий ҳазораларни ўғирлаб, бошини олгани иддао қилинган. Дарвоқе, мулла Мансур Додуллоҳ ва унинг 2007 йилда ўлдирилган акаси мулла Охунд Додуллоҳлар ўта қаттиққўл, шавфқатсиз жангари сифатида таърифланади.

Толиблар исёнчи сафдошларини "Исломий давлат"га берган байъатидан воз кечишга узоқ тарғиб қилгани, аммо ниятидан қайтмагач, уларга қарши жанг қилганини айтмоқда. Аммо, "исёнчи мужоҳидлар"га қарши урушганини тан олган Толибон раҳбарияти уларни ўлдиргани, хусусан, йиллар давомида марҳум мулла Умарга содиқ қолган собиқ ЎИҲ раҳбарию жангариларини қатл қилганига оид хабарларни тасдиқламай келмоқда.

Форёбда қолган ўзбек жангарилари

Бу вилоятда сўнгги 30 йилдан буён Толибларга қарши жанг қилган маҳаллий ўзбек оқсоқоли Раҳмат Раисга кўра, тахминан, 50-60 атрофидаги ўзбек жангариси оиласи билан вилоятдаги Қайсор, Алмор ва Давлатобод туманларида жон сақламоқда.

Унинг айтишича, шимолий вилоятлардаги ўзбек жангарилари "Исломий давлат"га байъат бермаган ва маҳаллий толиблар билан бирга ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилиб келмоқда.

- Ўтган ой бошида улар вилоятдан сиқиб чиқарилган эди. Аммо, ҳукумат кучлари кетганидан кейин улар яна учта туманни эгаллаб олди ва маҳаллий толиблар билан ҳозир ўша ерда қолмоқда. Менинг маҳаллий аҳолидан эшитишимча, тахминан 50-60 та ўзбек оиласи бор. Улар Зобулдаги ҳамюртларидан ажралиб қолгандек гўё. Ҳозир бизда совуқ бошланди, жанглар ҳам бироз тўхтади. Зобулдаги ўзбеклар ўлдирилди, раҳбари ҳам ўлди, деган гапларни эшитдим. Аммо, буни тасдиқлайдиган далиллар йўқ менда, - дейди Раҳмат Раис.

Усмон Ғозий тақдири номаълум қолмоқда

Афғонистоннинг Зобул вилоятида 6-9 ноябрь кунлари Толиблар билан ўзаро жангларда собиқ ЎИҲ амири Усмон Ғозий асир олингани, айрим манбаларда эса ўлдирилгани иддао қилинган эди.

Афғонистон хавфсизлик кучлари жанубдаги Зобул вилоятида Толиблар ўртасида ўзаро қақшатқич жанглар бўлгани, унда гуруҳ амири этиб эълон қилинган мулла Ахтар Мансурга қарши толибларнинг икки қўмондони - мулла Муҳаммад Расул ва унинг ўнг қўли бўлган мулла Мансур Додуллоҳ жангарилари урушганини тасдиқлаган.

Расмий хабарга кўра, бу жангларда Ахтар Мансурга қарши ўзбек жангарилари ҳам жанг қилган ва ҳар икки томондан 80 атрофида жангари ўлган.

Аммо, бу жангларда 6 ой муқаддам "Исломий давлат"га байъат берган ва Толибларнинг янги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблаган собиқ ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозийнинг асир олингани ёхуд қатл этилганига оид иддаолар расмийлар томонидан тасдиқланмаган. Ҳозирга қадар ҳам бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.