Россиялик олигарх Михаил Ходорковский 1998 йилда Нефтеюганск шаҳри мэрининг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича сўроққа чақирилган. Бу ҳақда Twitter микроблогидаги саҳифаси орқали билдирган Ходорковский ўз хабарига тергов қўмитаси томонидан айбланувчи сифатида 11 декабрь куни сўроққа чақирилганига оид қоғозни илова қилди.
Мазкур ҳужжатда Ходорковскийга қарши айблов характерига аниқлик киритилмаган. Молиявий фирибда айбланиб, 10 йилдан кўпроқ қамоқда ўтирган Михаил Ходорковский 2013 йили озодликка чиққач, Европага кетган ва ҳозирда Лондонда истиқомат қилмоқда.
Ходорковскийга қарашли “Очиқ Россия” ноҳукумат ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Владимир Кара-Мурза Озодлик радиосига тергов қўмитасининг чақирув қоғози “100 фоизга” Нефтеюганск мэри Владимир Петуховнинг ўлдирилиши бўйича қайта очилган иш билан боғлиқлигини маълум қилди.
Россия Тергов қўмитаси бу хабарлар юзасидан ҳали ҳеч қанақа изоҳ бергани йўқ. Сўроққа чақирилишнинг ҳақиқийлиги ҳам ҳозирча расман тасдиқланмади.