Uzbekistan GTL ширкати Қашқадарё вилоятида синтетик ёнилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун 2015 йилда ҳам маблағ топа олмади.
Sputnik нашрининг ҳукуматдаги манбага таяниб хабар қилишича, хорижий инвесторлар ва банклар ушбу лойиҳага унчалик қизиқиш билдирмагани учун завод қурилиши жорий йилда ҳам бошланмаган.
Завод қурилиши дастлаб 2014 йилга белгиланганди, кейинчалик қурилиш 2015 йилининг тўртинчи чорагига кўчирилди ва қурилиш 2017 йилда тугатилиши маълум қилинганди.
Янги завод ишга тушганида йилига 3,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ва 864 минг тонна дизел ёнилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395 минг тонна нефт ва 11,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Ҳозирда завод лойиҳасини ихчамлаштириш устида ишланаётгани айтилмоқда.
2009 йил ноябрида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Малайзиянинг Petronas ва Жанубий Африка Республикасининг Sasol ширкатлари билан Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун “Uzbekistan GTL” қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида келишув имзолаган.