Тошкент ҳокимияти пойтахтликларга Янги йилни уйда кутишни тавсия қилди

Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтликларга Янги йил байрамини уйларида кутишни тавсия қилмоқда, лекин ресторнларда байрам тантаналарини ўтказишга тақиқ жорий этилмаганини таъкидламоқда.

Ярим расмий нашрларнинг Тошкент ҳокимиятига таяниб хабар қилишича, 31 декабрь куни Тошкент шаҳридаги ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларда ўтказилиши белгиланган маросимларга тақиқ жорий этилмаган. Ўтган ҳафта матбуотда янги йил кечаси ресторан ва кафеларни ёпиш тўғрисида ёзма буйруқ берилганига оид хабарлар пайдо бўлган эди.

Ҳокимият вакиллари бу хабарни инкор этиш билан биргаликда “янги йил байрами мамлакатимизда оила даврасида нишонланишини эсдан чиқармаслик лозим ва албатта Янги йилни уйда кутиб олган яхши”, дея таъкидлашди. Тошкент маъмурияти оғзаки тарзда берилаётган тавсиядан мақсад пойтахтликларнинг “байрамни яхши кайфиятда ўтказишларини” кўзлашини қайд этишган.

Ўзбекистонда давлат идораларининг фуқаролар кундалик ҳаётига аралашуви, жумладан турли байрамларни қандай кутиб олиши борасида тавсия бериши одатий ҳолга айланган.