ЗАГСдан ўтмаганларни никоҳлаган имом қамалиши мумкин

Қирғизистонда оила қурмоқчи бўлганлар никох ўқитишдан аввал ЗАГСдан ўтишга мажбурловчи қонун лойиҳаси тайёрланди. Қонунда кўзда тутилган жазо чораларининг энг оғири - ЗАГСдан ўтмасдан оила қурмоқчи бўлганларга никох ўқиган имом беш йилгача озодликдан махрум этилиши мумкин. Ҳозирда қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

ЗАГСдан ўтмаганларни никоҳлаган имомларни беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзлаган қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Элмира Жумалиевага кўра, қонун лойиҳаси энг аввало эрта турмуш қуришни озайтириш, келинлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган:

- Биз 15-16 яшар қизларни никоҳлаб турмушга бериш ҳолларини кўряпмиз. Бу тўғри бўлмайди, ота-она рози бўлаверади фарзанд эса ҳали турмушга тайёр эмас. Маъмурий, жиноий жавобгарчиликни кучайтиришимиз, никоҳдан аввал расмий рўйҳатдан ўтадиган қилишимиз керак. Расмий рўйҳатдан ўтганини кўрмай туриб никоҳ ўқиган имомларни жиноий жавобгарчиликка тортиш керак. Негаки рўйҳатдан ўтмай яшаб, ажрашиб кетишади, бунинг устига келиннинг эри эканини ҳеч ким исботлаб беролмайди. Куёви уйдан ҳайдаб юборган келинлар боласини кўтариб аросатда қолади, - дейди Элмира Жумалиева.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳозирча қонун лойиҳаси юзасидан ўз позициясини расман билдирмади.

Муфтиятнинг Фатво бўлими вакили Бактияр Тўқтагазиевга кўра, қонун лойиҳаси қабул қилинишидан аввал имомнинг жавобгарчилиги тўғрисидаги қонунлар чуқур муҳокама қилиниши керак.

- Бу ерда имомнинг қандай жавобгарлиги бор? Масалан, у давлат ҳодими бўлганида бошқа эди. Фуқаролар “никоҳлаб бер” деб келса, у никоҳлаб берса қанчалик даражада жавобгар бўлиши керак деган масала бор. Фуқаролар мусулмон бўлганидан кейин “никоҳлаб яшай”, деб келадида. У никоҳлайди ва шу билан унинг вазифаси тугайди. У фақат диний вазифасинигина бажараяпти. Биз қонунга қарши ҳам эмасмиз. Никоҳлаётганида ёши нечида, шу никоҳга розими йўқми деб сўралади. Агарда имомларнинг жавобгарлиги кучайтирилса, уларга ҳам имконият берилиши керак. Уларнинг мақомини кўтариб, гувоҳнома ёки бошқа бир ҳужжат берилиши керак, - дейди Бактияр Тўқтагазиев.

“Мутакаллим” Қирғизистон мусулмон аёлллари ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи фикрича, қонунда балоғат ёшига етмаган қизларни турмушга бермаслик каби ижобий томонлари билан бирга камчиликлари ҳам бор. Жамол Фронтбек қизи, қонун лойиҳасида кўрсатилганидек имомларни жазога тортиш шундай камчилик эканини айтади:

-Қирғизистоннинг ҳар бир намоз ўқувчи фуқароси никоҳлай олади ва буни ҳеч ким чеклай олмайди. Муаммони имомларга тўнгамаслик керак. Бу ерда жамоатчиликнинг диний савиясини кўтариш керак. Масалан ҳар бир уйнинг ўз имоми бор. Ҳозир атайин бирон бир имом ҳатиб ёки масжид имомига боришмайди. Ким намоз ўқиса ўша никоҳлайверади. Олиб қочиб кетиш, балоғатга етмаган қизлар бўлса, бу қариндош-уруғ ўзаро, енг ичидан ҳал қиладиган масала бўлади. Қонун шундай қабул қилинса, ўлик, ишламайдиган қонун бўлиб қолади. Агарда жавобгарликка ториш керак бўлса, имомлар деб айтмаслик керак, “кимда-ким балоғатга тўлмаган қизларни никоҳласа”, деб айтиш лозим. Шундай бўлса никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқарога таълуқли бўлади,- дейди Жамол Фронтбек қизи.

Статистик маълумотларга асосан, мамлакатда оила қурганларнинг ярмидан кўпи ўз вақтида давлат рўйҳатидан ўтмайди. Шу сабабли балоғат ёшига етмаган қизларни турмушга бериш, ажрашиш, ажрашгандан кейинги муаммолар кўп пайдо бўлади.

Ҳозирда қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Шундан сўнг парламенда кўриб чиқилади.

Қирғизистонда бундан аввал ҳам шу каби мазмундаги қонун лойиҳалари тайёрланган. Аввалги лойиҳада расмий рўйҳатдан ўтмай туриб никоҳдан ўтганларга маъмурий жазо қўллаш кўзда тутилганди. Бироқ қонун лойиҳаси парламентда қабул қилинмаган.