“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати ўзбекистонликларни Россиядан шу мамлакат Чегара хизмати чиқармаётгани тўғрисида баёнот берди.
Компанияга кўра, паспорти биометрик эмас ўзбекистонликларни аэропортлар, денгиз портлари, шунингдек, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали чегарадан ўтишга рус чегарачилари ижозат бермаяпти.
Россия чегара хизмати расмийлари эса мазкур талаб фақат Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилгани ва “икки давлат ўртасида олдинроқ имзоланган махсус ҳужжат” асосида амалга оширилаётганини гапирмоқда.
Озодлик Украина чегара хизмати Ўзбекистон фуқароларини муддати ўтмаган эски паспорт билан мамлакатдан бемалол чиқариб юбориши мумкинлигини аниқлади.
Ўзбекистон элчихонаси олдига тонг саҳардан келаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг аксари бугунги кунда “эски” нобиометрик паспортлар эгаларидир.
Улар “Ватанга қайтиш сертификатлари” берадиган Москвадаги консуллик олдида навбат олмоқда. Мухбирларимиз консуллик олдида ичкарига кириш учун навбат олган юзга яқин муҳожирни кўрди. “Бир кун олдин бу кўча ва ён-атрофда машина қўйишга жой йўқ эди – шу қадар одам кўп бўлди”, дейди бир кун олдин сертификат олишга ҳужжат топширгани келган ва ичкарига кира олмасдан қайтганини гапирган муҳожирлардан бири. Сертификатлар неча кунда тайёр бўлиши ва берилиши тўғрисида навбатда турганларнинг ўзлари ҳам билмасликлари аниқланди: кимдир “Бир кунда беради!” деса, бошқаси “Бир-икки ойда жавоб келяпти!”, деди.
Эски ўзбек паспортларининг амалда яроқсиз ҳужжатга айлангани хорижда юрган кўпчилик ўзбекистонликлар учун кутилмаган ҳол бўлди. Янги йилнинг дам олиш кунларига чипта сотиб олган кўплаб ўзбекистонликлар рейслардан туширилмоқда ва сертификат билан чиқиб кетиш талаби қўйилмоқда.
Озодлик паспортлари қонун доирасидан ташқарига чиқарилган ўзбек муҳожирлари Россия полицияси ва ФМСининг осон ўлжасига айлангани тўғрисида хабарларни олмоқда.
Россиядан нобиометрик ҳужжат билан ташқарига чиқиш 1 январдан ўзбекистонликларга тақиқланганига қарамасдан, “эски” ўзбек паспорти айрим ҳолларда амал қилиши мумкинлиги анқланди.
Москва шаҳар ФМС бошқармасининг жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Татьяна Стретович Озодликка ФМСнинг бу масалага муносабатини билдирди:
- Агарда сиз Россия ҳудудида шу паспорт асосида яшаб келаётган бўлсангиз, бунинг устига – сиз шу ҳужжат асосида патент ёки бошқа ҳужжатни расмийлаштирган бўлсангиз, бу қонунбузарлик саналмайди. Шунчаки Ўзбекистонда паспортлар алмаштирилди ва сиз ўз юртингизга борганда алмаштириб олаверасиз. Асосийси – паспортнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса бўлди, деди ФМС вакиласи.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати айнан Россия Федерацияси Чегара хизмати эски паспорти бўлган Ўзбекистон фуқароларига аэропортлар, денгиз портлари, шунингдек, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали чегарадан ўтишга ижозат бермаётганини маълум қилди. Россия чегара хизмати расмийлари мазкур талаб фақат Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилгани ва “икки давлат ўртасида олдинроқ имзоланган махсус ҳужжат” асосида амалга оширилаётганини билдиришди.
Домодедово аэропорти чегара хизмати навбатчи офицери гапиради:
- Янги йилдан ҳақиқатан янги паспортлар асосида чиқарилади. Ўз юртига қайтиш учун улар элчихонага “қайтиш гувоҳномасини” олишлари зарур. Бу юқоридан бизга берилган буйруқ: у икки мамлкат ўртасидаги келишув асосида амалга оширилмоқда. Унга биноан, бу тартиб 1 январдан жорий қилинди. Уларга алмаштиришга муҳлат берилган экан. Бу қоида икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдисига оид келишув асосида амалга оширилди, деди Россия чегара хизмати ходими.
55 доллар эвазига бериладиган “қайтиш” ҳужжатлари Москвадаги Ўзбекистон консуллигидан ташқари яна Новосибирскдаги мамлакат ваколатхонасидагина берилиши айтилмоқда.
Айни пайтда, Украинанинг “Борисполь” аэропорти расмийлари Озодлик билан телефон суҳбатида ўзбекистонликларга Украинадан чиқиб кетиш учун бирор чеклов йўқлигини телефон орқали билдиришди:
- Паспортлар чиқиб кетиш муддатига амалда бўлса, масалан, 2017 йилгача, сиз бемалол Украинага кириб-чиқаверасиз. Худди шундай, бу паспортга чипта сотиб олишингиз ҳам мумкин, деди аэропорт матбуот котибаси Оксана Ожигова.
Киев халқаро аэропорти чегара назоратида ҳам Ўзбекистон фуқаролари эски паспортлар асосида чегарадан ўтаётганини тасдиқлашди:
- “Эски паспорт” деганингиз нима у? Паспортингизнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса, марҳамат, худди шундай чиқиб кетаверинг - оқ йўл, деди украин паспорт назорати ходаси.
Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари эски фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш 2018 йилнинг 1 июлига қадар давом этишини билдирган ва бу қарорни кўпчилик эски паспортлар амал қилиш муддатининг ҳам 2¸5 йилга узайтирилгани деб тушунган эди.