Россия тергов ҳибсхоналарида эндиликда одоб-аҳлоққа зид сўзлар ва қамоқхона жаргонидан фойдаланиш тақиқланди.
Бу ҳақда хабар тарқатган Интерфакс агентлигига кўра, Россия Адлия вазирлиги буйруғига мувофиқ, эндиликда маҳбусларга бошқа шахслар билан мулоқот чоғида одоб-аҳлоққа зид келувчи, таҳдидли, таҳқирли сўзлар ва жаргондан фойдаланиш маън этилди.
Бундан ташқари, ҳибсда бўлган шахсларга кузатув камераларини ёпиб қўйиш, камерадошларига ўз шахсий ашёларини бериш ҳамда изолятор шифокори рухсатисиз бошқа шахслардан дори-дармон сотиб олиш ва истеъмол қилиш тақиқланади.
2013 йил охирларида Россия Жазони ўташ федерал хизмати (ЖЎФТ) бошлиқ ўринбосари Анатолий Рудий ўз ташкилоти колония ходимлари тилидан қамоқхона жаргонини йўқотиш ниятида эканини баён этганди.
“ЖЎФТ ходимлари маҳбуслари даражасига тушиши керак эмас, аксинча, уларни ўз даражасига кўтариши лозим”, деганди Анатолий Рудий.