VimpleCom ширкати Ўзбекистондаги фаолияти давомида миллионлаб доллар пора берганини тан олиб, 600 миллион АҚШ долларига тенг жарима тўлашга тайёрлиги тўғрисида хабар қилинмоқда. Россияда чиқадиган “Ведомомости” газетаси бу ҳақда душанба куни ўз манбаларига таяниб хабар қилди.
VimpelCom ширкати ўтган йили Ўзбекистондаги коррупцион жанжал билан боғлиқ эҳтимолий жарималар ва бошқа харажатлар учун 900 миллион доллар маблағ ажратган эди. Ноябрь ойида эса ширкат АҚШ адлия вазирлиги билан ишни судга оширмасдан 775 миллион доллар жарима тўлаш масаласи устида музокара қилаётгани тўғрисида хабар қилинган эди.
14 январь куни, Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳам Ўзбекистондаги бизнеси қийматига тенг қарийб 700 миллион долларни ҳисобдан чиқариши тўғрисида эълон қилди.
АҚШ ва Европада тергов қилинаётган ишларда VimpelCom, TeliaSonera ва МТС ширкатлари Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани гумон этилмоқда. Мазкур терговлар доирасида Европа мамлакатларида Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилган жами 1 миллиард АҚШ доллари музлатиб қўйилган.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати музлатилган пуллар жиноятчилар тарафидан ўмарилгани ва мамлакатга қайтарилиши лозимлиги айтилган мактуб билан АҚШга мурожаат қилди.
Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов имзоси билан жўнатилган мактубда жиноятчилар орасида Гулнора Каримованинг исми келтирилмаган, лекин унинг жазмани Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаяне Авакянлар асосий жинояткорлар сифатида тилга олинган.