Украина шарқидаги жангларда қатнашган ўзбекистонликлар ўн йилгача муддатга қамалиши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати Украина шарқидаги жангларда қатнашган фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сешанба куни бу ҳақда пресс-релиз чиқарди.

Унда мамлакат ғарбидаги жангларда қатнашаётган ўзбекистонликлар 10 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига тортилишлари ҳақида огоҳлантирилади.

Украинада ҳукумат тарафида ёки айирмачилар томонида туриб жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликларнинг ҳам борлиги айтилади. Лекин, уларнинг аниқ сони маълум эмас.

“Моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, - демоқда ўзбек расмийлари.