Британия Бош вазири Литвиненко иши бўйича тергов хулосасини қўллаб-қувватлади

Дэвид Кэмерон.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходим Александр Литвиненконинг Лондонда ўлдирилиши юзасидан олиб борилган тергов хулосалари Британия ҳукуматининг Литвиненко ўлимига Москва ҳукумати алоқадор эканига оид таҳминларини тасдиқлади. 21 январь куни Давосда ўтган халқаро иқтисодий форумда Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон мана шундай баёнот берди.

Кэмерон ҳозирча Россия ҳукуматини жазолаш учун қандай қадам ташланиши ҳақида гапирмади. Британия ички ишлар вазири Тереза Мэй тергов томонидан Литвиненко ўлимига бевосита алоқаси борликда айбланаётган Россия фуқаролари Дмитрий Ковтун ва Андрей Луговойнинг активлари қамоққа олинишини маълум қилди.

Литвиненко 2006 йилда Лондонда ўлдирилган эди. Мазкур иш юзасидан тергов хулосаси 21 январь куни Лондон олий судида эълон қилинди.

Тергов хулосаларини очиқлаган Британия ҳаками Роберт Овенга кўра¸ Путин ва Кремль маъмуриятидагиларнинг Литвиненкога нисбатан шахсий адовати бу қотиллик ортидаги асосий мотивдир.

Кремль Литвиненко ўлимига алоқаси борлигини инкор этиб келмоқда.

Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Литвиненко Лондон меҳмонхоналаридан бирида Ковтун ва Луговой билан учрашув пайтида чойга солинган полонийдан заҳарланиб кейинроқ касалхонада ўлган эди.

Россия қотилликни амалга оширганликда гумонланаëтган Луговой ва Ковтунни Британияга топшириш сўровини рад қилиб келмоқда.