Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, Учқизил қўрғонидаги асфальт заводида шанба куни кучли портлаш ва ёнғин рўй берди. Газ сизиши оқибатида заводнинг қозонхонаси портлаган. Ёнғиндан камида 8 киши жароҳатланган, лекин қурбонлар йўқ.
Завод ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, газ сизиши оқибатида заводнинг асфальт ишлаб чиқарадиган қозонхонаси ёниб кетган.
– Газ очиқ қолган, қозон назоратсиз қолиб кетган. Портлаб, бир нечта асфальт қозони ёниб кетди, - деди завод ходими.
Термиз тумани яшовчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда ёнғин жуда ваҳимали бўлгани, қўшни туманлардаги ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ҳам заводда юз берган ёнғинни ўчиришга жалб қилинганини айтади.
-Тез ёрдам машиналари ҳам келди. Саккиз одам куйиш жароҳати олган экан. Ўлганлар йўқ дейишяпти. Бугун эрталаб ёнган бўлса қоронғу тушганда ўчириб бўлишди, ёнғин заводни бир гектардан ортиқ майдонини қамраб олган, - дейди термизликлардан бири.
Ҳозирда асфальт заводида рўй берган ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда газ сизиши натижасида портлаш ва ёнғин ҳодисалари бот-бот юз бериб туради.
Кузатувчилар Ўзбекистонда газ босимининг тушиб кетиши ёки айрим жойларда умуман берилмай қолиши оқибатида бу каби ҳодисалар кўпайганини айтишмоқда.
Шунингдек, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ҳам Ўзбекистондаги корхона ва заводларда ёнғинлар тез-тез рўй беради.
Ўтган йили Наманган марказидаги “Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехида, ундан аввал “Ўзбегим” кафесида ёнғин содир бўлган, бунинг оқибатида бир қанча одам куйиш жароҳати олган эди.