Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Путина фамилиясини ўзгартирди. Журналистлар бу ўзгариш унинг эрга теккани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини гапирмоқда.
Людмила Путина – Россиянинг ҳозирча уч карра президенти Владимир Путиннинг собиқ рафиқасидир. Яқинда у ўз фамилиясини Очеретнаяга ўзгартиргани маълум бўлди.
Бу унинг хусусий мулки саналган Санкт-Петербургдаги 139 метрли квартирасига эълон қилинган ҳужжатларда ўз аксини топгани маълум бўлди. Путинлар оиласи бу квартирани 1995 йилда маҳаллий ҳукуматдан олган.
Ўтган ҳафтада Собеседник.ру Людмила Путина тўғрисида сўнгги журналистик суриштирув натижаларини эълон қилди.
Нашр хулосасига кўра, Россия президентининг собиқ ёстиқдоши томонидан фамилиясини “Путина”дан “Очеретная”га ўзгартириши унинг Шахслараро коммуникациялар тараққиёти маркази (ЦРМК) раҳбари 37 ёшли Артур Очеретнойга турмушга чиққани билан боғлиқдир.
Людмиланинг янги қаллиғи “Единая Россия” партияси, “Газпром” ва Путиннинг Халқ фронтига турли тадбирларни ташкиллаштириш билан шуғуллангани маълум бўлди. Журналистлар норасмий манбалардан Артурнинг бизнеси тўлиқ Людмила эндиликда Очеретная “назорати” остида бўлгани аниқлади.
Людмила Путинанинг фамилияси ўзгарганини Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармаси (ФБК) ҳам тасдиқлаб берди. Улар 2015 йилнинг августида Людмила Александровна Путинанинг Петербургдаги квартираси Людмила Александровна Очеретнаяга ўтгани тўғрисида маълумот интернетда пайдо бўлганига эътибор қаратди.
Владимир Путин рафиқаси билан ажрашаётгани тўғрисида 2013 йилнинг июль ойида журналистлар олдида эълон қилган эди.
Людмила Путина ўшанда “никоҳ тугатилгани” ва бу эр-хотиннинг “умумий қарори” экани ҳам айтилган эди.
- Владимир Владимирович тўлиқ ишга кўмилган, болаларимиз эса катта бўлиб қолди, улар ўз ҳаёти билан яшамоқда. Шундай бўлиб қолдики, ҳар биримиз алоҳида ҳаёт билан яшамоқдамиз, деган эди Людмила ўшанда Путина.
Қизиғи, Владимир Путин билан ажрашиш тўғрисида эълон қилиши ортидан Людмила дарҳол ўзининг қизлик фамилияси – Шкребневага ўзгартиргани ҳам аниқланди.
Шу муносабат билан Путиннинг асли тошкентлик машҳур спортчи Алина Кабаева билан ишқий муносабатлари ҳақида бир неча йилдан буён вақти-вақти билан пайдо бўлиб турган миш-мишлар янгидан авж олди.
2008 йилда “Московский корреспондент” газетасида чиққан “Владимир Путин Алина Кабаевага уйланадими?” мақоласида “Питердаги манбалар”га таяниб Путин рафиқаси билан ажрашиб, Кабаевага уйланишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар тарқатилган эди.
Айрим оммавий ахборот воситалари Кабаеванинг Путиндан ўғил кўргани тўғрисида ҳам хабар берган эди.
Эридан ажрашгандан буён Людмила Путина жамоатчилик олдида ягона маротаба – 2014 йилнинг апрелида Горький адабиёт мукофоти топширилаётганида пайдо бўлганди. Бу мукофот айнан Артур Очеретной тузилмаси томонидан бошқарилиши маълум.
Владимир ва Людмила Путинлар 30 йил бирга турмуш қуриб, ажрашишган эди.