Москвада тикув цехида чиққан ёнғин оқибатида марказий-осиёлик 12 муҳожир, жумладан 3 нафар бола ҳалок бўлди.
Москванинг Строминка кўчасида жойлашган тикув цехида 30 январь кечаси рўй берган ёнғин қурбонларидан икки нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси маълум қилди. Элчихонага кўра, ҳалок бўлганларнинг қолгани Қирғизистон фуқароларидир.
Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу воқеага муносабат билдиргани йўқ. Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси ва қайси вилоятдан экани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакили Озодлик саволига жавобан вазият ўрганилаётгани, лекин аниқ маълумот йўқлигини билдирди.
Айни пайтда Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ҳалок бўлганлар яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди ва қурбонлар майитларини ватанига жўнатиш бўйча барча харажатлар давлат тарафидан қопланишини билдирди.
31 январь куни дастлабки тергов хулосаларига кўра, тикув цехига атайлабдан ўт қўйилгани тахмин этилаётгани маълум бўлди.
Россия Тергов қўмитаси ёнғин муносабати билан жиноий иш очди.