Сўхдаги ҳибслар Сурияга кетган ака-ука ортидан суриштирувга боғланмоқда

Фарғона вилояти Сўх туманида сўнгги бир ҳафта ичида ўнлаб ёш йигитларнинг ҳибсга олиниши айни тумандан Сурияга кетиб қолган ака-укалар суриштирувига боғланаётгани маълум бўлди. Фарғона МХХ туманнинг Ғазнов қишлоғида яшаган Нозил ва Нусрат Т.ларнинг Сурияга кетганини ўтган йилнинг октябрь ойида оиласига маълум қилган ва манбалардан олинган маълумотга кўра, сўнгги ҳафта ичида улар билан Россияда алоқада бўлган сўхликлар ҳибсга олинмоқда.

Озодликнинг исмини ошкор этишни истамаган ғазновлик манбасига кўра, бу қишлоқдаги умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси ўғиллари бўлган Нозил ва Нусрат Т.лар 2007 йилларда Россиянинг Қозон шаҳрига меҳнат муҳожирлигига кетишган.

Орадан бир неча йил ўтгач, Қозондан Туркияга ишлагани кетгани улар билан таниш бўлган сўхлик йигитларга маълум бўлган.

"4 ойча олдин СНБни одамлари бу болаларнинг уйига бориб: "Ўғилларинг Сурияга кетган, кичиги ўша ерда ўлган", деб расмини кўрсатишибди. Шундан кейин суриштир-суриштир бошланиб кетди. Қозонда бу болаларни таниган-билганларни ҳаммасини топиб, биттама-битта сўроқ қилишаяпти. Ғазновда Садиёр, деган йигитни бир ҳафта бўлди олиб кетишган. Қаерда эканини ҳеч ким билмайди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган манба.

Бу манбанинг иддаосича, куч ишлатар тузилмалари Сурияга кетганини иддао қилаётган ака-уканинг оиласи маҳаллада қораланган, отаси эса ишидан бўшатиб юборилган. Бу манба оиладаги аёлларнинг рўмоллари ҳам ечтирилганини даъво қилмоқда.

Т.лар оиласининг эса зиёли оила экани, Нозил Т. Фарғона вилоятидаги университетлардан бирида аниқ фанлар йўналишида ўқиб, олий маълумот олгани айтилмоқда.

Шунингдек, унинг ўзи ҳам Россияда ишлаб қайтгани ва Сўхда бир неча бор ИИВ суҳбатидан ўтказилганини айтди. Унга кўра, ИИВ ва МХХ ходимларини Қозонда юрган сўхликларнинг ибодати ва намозхонлар жамоати қизиқтирмоқда:

"Мендан сўрашди: "Қаерда намоз ўқигансан, неча маҳал ўқигансан, кимлар ўқигансан?" ва шунга ўхшаган саволлар. Мен Ҳайит намоздан бошқасини ўқимаганим учун ўқимаганман, дедим қўйворишди. Лекин, бошқа намоз ўқиган ғановлик болаларнинг паспортларини олиб қўйишган, где-то 4 кишини. Яна Қалъача ва Тул, деган қишлоқларда ҳам ёш-ёш йигитларни қамаб қўйишган. Билишимча, 4 йигит Қалъачадан, яна 4таси Тулдан", деди бу манба.

Озодликнинг Сўх туманидаги яна бир манбаси сўнгги ҳафта ичида номи тилга олинган уч қишлоқда ҳибсга олишлар бўлаётгани, уйидан олиб кетилган йигитларнинг қаерда экани номаълум қолаётганини тасдиқлади.

Озодлик бу борада Фарғона вилояти ва Сўх тумани ИИБсидан расмий маълумот олишга уринмоқда, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Куни кеча Озодликка Россиядан боғланган сўхлик меҳнат муҳожири шу кунга қадар Сўхда жами 6 кишининг ҳибсда сақланаётганидан аниқ хабардор эканини айтган эди:

- Шу Қозон шаҳрида бир йил - бир ярим йил ишлаб борган болалар эди. 90, 91-йилларда туғилган болалар кўпи. Бир ойча олдин ҳеч сабабини ҳам айтмай, огоҳлантирмай, 15 суткага, деб қамаб қўйишди. 3 таси Қалъача қишлоғидан, яна 3 таси Тул қишлоғидан. Буларнинг орасида менинг яқин танишим ҳам бор. Мана бир ой бўлди, чиқаришгани йўқ. Бир ҳафтача бўлди, Тулдан яна 7 кишини олиб кириб қўйишибди, деб эшитдим, лекин буни аниқ билмайман, - деди исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка маълумот берган сўхлик.

Озодлик сўхлик норасмий манбалар тасдиқлаган, аммо расмий идоралар сукут сақлаётган бу маълумотга оид тафсилотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хориждан бораётган фуқароларнинг сўроққа тутилаётган, ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

Бундан ташқари, яна ўнлаб одам Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ИИВ фаоллар тарқатган бу хабарларни қисман тасдиқлаган,аммо бу борада аниқ рақамларни маълум қилмаган.