Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Навоий таваллуд куни нишонланди

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида Навоий таваллудининг 575 йиллиги нишонланди. Тадбир Ўш шаҳридаги Навоий хиёбони ёнида жойлашган Мир Алишер Навоий хайкалига гулчамбар қўйиш билан бошланиб, Заҳирриддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек академик драма театрида “Навоий гулшани” композицион кеча билан якунланди.

Мир Алишер Навоийнинг 575 йиллиги муносабати билан 9 февраль куни Ўшда ўтказилган тадбир шаҳардаги Навоий боғи ёнида жойлашган адиб ёдгорлигига гулчамбар қўйиш билан бошланди.

Тадбирда Бобур номидаги ўзбек академик драма театри ижодкорлари, Ўш давлат университети ўзбек филологияси факультети ўқитувчи ва талабалари, Ўш шаҳар ҳокимяти вакиллари ва Ўшдаги ўзбек мактаби ўқитувчилари иштирок этди:

- Навоий беш достондан иборат бўлган Хамсасида халқлар дўстлиги, миллатларнинг ўзаро бир-бирига бўлган муҳаббати, муносабати масаласи ўша даврда ҳам энг асосий масалалардан бири бўлган. Хозирги кунда ҳам энг актуал, энг муаммоли бўлган миллатларнинг дўстлиги, улар ўртасидаги хамжихатлик масалаларига яна бир марта назар ташлашни истасак, биз Навоий асарларига мурожаат қиламиз. Навоий айтади: “Эл нечун топгайки мен ўзимни топмасам”. Бу дегани биз доимо энг аввало ўзимизга сархисоб беришимиз, ўзимизнинг қилаётган ишларимизга муносабат билдиришимиз керак деган маънони беради,-дейди Ўш Давлат дорилфунуни ўқитувчиси, адабиётшунос, доцент Равшанбек Турсунов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Навоий таваллуд куни нишонланди

Навоий ёдгорлиги ёнига гулчамбар қўйилгач адиб мухлислари учун Ўшдаги Захириддин Мухаммад Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан “Навоий гулшани” адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Қардош қирғиз халқи ижодкорларининг Навоий ижодига бағишланган чиқишлари билан бошланган тадбирда, ўзбек санъаткорлари томонидан тайёрланган Навоий монологи, унинг ғазалларидан намуналар, илмий маърузалар қилинди, "Лайли ва Мажнун" спектаклидан парча ҳавола этилди.

“Бу йил мамлакатимизда “Маданият ва тарих йили” деб эълон қилингани учун биз хозир алоҳида иш режаларини тузяпмиз. Шу тадбирларда Навоий бобомизнинг маданиятини кўтариш учун аввало унинг меросига назар ташламоқчимиз. Ҳозир Навоий шунос олим Равшанбек домла Турсунов билан Навоий хақида яхлит бир спектакль қўйишга ҳаракат қиляпмиз. Бу йил шуни ҳам бошлашни режалаганмиз”, -дейди Бобур номидаги ўзбек академик драмма театри директори Набижон Шукур. Унинг айтишича, бугун Пойтахт Бишкекда ҳам Қирғизистон ҳукумати вакиллари ва Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси билан биргаликда адиб таваллудига бағишланган тадбир уйиштирган.

Ўш шаҳрида эса, 9 февраль куни кўплаб ўзбек мактабларида Навоийхонлик кечалари ўтказилди.

- Навоий ижоди хеч қачон давр билан ҳамнафас бўлмай қолмаган. Навоий ижоди кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам аҳамиятли бўлади. Унинг ижоди сиз хохлаган масаладаги сиёсий-ижтимоий масалаларга жавоб топа оласиз. Кечаги, бугунги, эртанги кунга ҳам. Шунинг учун биз Навоийга муроожатимиз билан ҳар қандай саволга жавоб топа оламиз. Масалан ёшлигимиздан барчамиз биладиган:

Ғурбатда ғариб шодимон бўлмас эмиш

Эл анга шафиқу мехрибон бўлмас эмиш

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса

Булбулға тикондек ошиён бўлмас эмиш

Бу рубоийни бугунги кунда аҳамиятсиз деб айтолемизми? Йўқ. Сабаби ҳаммамиз туғилиб ўсган юртимизни, ватанимизни, ошиёнимизни нима бўлишидан қатий назар севамиз, - дейди Ўшдаги ўзбек мактабларидан бирининг директри Аъзам Раҳим.

Бобур театрида ўтказилган Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган “Навоий гулшани” кечасида 500га яқин ўшлик Навоий мухлислари иштирок этди.

Кечага Навоий шеъриятининг мухлислари, талабалар, ўқувчилар иштирок этди.