Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси ижтимоий тармоқларда "беҳаё" видеоси тарқалган хонанда Тамила ҳимоясига чиққан қўшиқчиларни кескин қоралади.
Бирлашманинг лицензия бериш бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров Тамиланинг "уятсиз" видеоси тарқалгач хонандалар Лола Юлдошева билан Азиза Низомова Instagramе тармоғи орқали унинг ҳимоясига чиққанини қоралаб, бу ҳолатларга бошқа йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
"Тамилани тартибга чақириш ўрнига унинг ҳимоясига ўтишди. Биз бу каби аҳлоқсизликни қаътий тақиқлаймиз" дейди Абдуқаҳҳаров маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.
Маълум бўлишича, Ўзбекнаво яқинда йиғилиш ўтказиб, Тамила ҳимоясига чиқишни хонандаларга расман тақиқлашни режалаштирмоқда.
Ўзбекнаво Тамилани (асли исми Рахматова Эсмиральда Нажмиддиновна) Telegram ижтимоий тармоғида тарқалган "беҳаё видеолар" ортидан лицензиядан маҳрум этган.
Telegram тармоғида тарқалган видео сабаб хонанданинг продюсери Нажот Ағзамов ҳам Тамиладан юз ўгиргани, у билан ҳамкорликни тўхтатганини айтган. Кейинчалик хонанданинг Қозоғистонга чиқиб кетгани хабар қилинди.
Орадан бироз вақт ўтгач Тамила "беҳаё видеолар"даги аёл у эмаслиги ва Қозоғистонга чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар ҳам ёлғон экани ҳақида видео тарқатди.