Прокуратура “Асака” банк раиси ҳибсга олинганини тасдиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Ориповнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Sputnik агентлигининг Бош прокуратура вакилига таяниб, хабар қилишича, Орипов валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадлар легализацияси билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаменти бир ҳафтадан буён банкда тафтиш ўтказмоқда.

Ушбу тафтиш натижасида банкнинг валюта-кредит операциялари билан шуғулланувчи икки топ-менежери ишдан бўшатилган. Ҳозирда улар Орипов иши бўйича гувоҳ сифатида қатнашмоқда.

5 февраль куни Озодлик ўз манбаларига таяниб Ориповнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган эди.

Банк мулозимлари автомобил савдоси билан боғлиқ валюта айирбошлаш операцияларидан тушадиган валютани мунтазам равишда "қора бозор"га чиқариб, икки баравар қимматга сотиш билан шуғуллангани ҳақида иддаолар бор.