Пенсионерни пластикка ўтказа олмаган банкирлар ишдан бўшатилмоқда

Тошкентда пенсияларни пластик карталарга ўтказиш бўйича кампанияда фаол иштирок эта олмаган банк ходимлари ишдан бўшатилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, биргина Халқ банкининг юзга яқин ходими пенсионерларни пластик карта олишга кўндириш мажбуриятини бажармагани важидан олинган. Пойтахтдаги ҳар бир банк ходимига камида беш нафар қария пенсиясининг тўлиғини ёки бир қисмини пластик картага ўтказиш вазифаси юклатилган.

Озодликка 15 февраль куни етиб келган мактубда айтилишича, Республика Давлат тижорат Халқ банкининг пойтахтдаги бўлимларида ўнлаб ходимлар қарияларни пластикка ўтказиш мажбуриятини бажармагани сабабидан ишдан олинган:

"Республика Халқ банки тизимида 100 та ходим бўшатилган. Айнан шу масалада яъни пластик карточкага пенсионер топиб келмаганлик важи билан ишдан олинган. Ўнлаб ходимлар жабрланган", дейилади мактубда.

Озодлик боғланган пойтахтдаги Халқ банк бўлимлари мулозимлари бу маълумотни на инкор қилишди ва на тасдиқлашди.

Миллий банкдаги Озодлик манбасига кўра, кейинги пайтларда Тошкентдаги банкларда ишчи-ходимларнинг тез-тез алмашиши кузатилаяпти ва бунга хусусан, кексаларни пластикка ўтказиш кампанияси ҳам сабаб бўлмоқда.

Пенсионерларнинг нафақа пулларини пластик картага ўтказиш мажбурияти пойтахтдаги деярли барча банк ходимларига юклатилган. Бироқ Миллий банкдаги манбанинг таъкидича, Халқ банки билан Миллий банк ходимларига бу борада кўпроқ мажбурият юклатилган:

"Шу икки банк ходими пластикка қарияларни ўтказиш кампаниясида асосий "югурдак" бўлишди. Бошқа банкларда фақат эркак ишчилар бунга жалб қилинди. Лекин Миллий билан Халқ банкларида ҳамма ходимлардан бирдай талаб қилишди", деди Миллий банкдаги манба.

Агробанк ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, у ишлаётган банкда ҳам ишчиларга камида биттадан пенсионерни пластикка ўтказиш мажбурияти юкланган. Бу мажбуриятни бажармаган ходимнинг мукофот пули қирқилиб, айримларга ҳатто ишдан ҳайдаш каби таҳдидлар ҳам қилинмоқда. Лекин манбанинг айтишича, ҳозиргача бирор ходим ишдан олинмаган.

Тошкентдаги банк ходимларининг қарияларни пластикка ўтказиш кампаниясига жалб қилиниши ўтган йилнинг октябрь ойида бошланди.

Ўтган қарийб 5 ой давомида айни кампания жараёнидаги ишдан олишларга оид Озодликда аниқ бир рақамлар мавжуд эмас.

Марказий банк мулозимлари пойтахт банкларига бундай топшириқ бўлмагани ва айрим банклар ўз ташаббуси билан бу жараёнга қўшилганини таъкидлашди.

Сўнгги бир йил давомида бутун мамлакат бўйлаб маош, пенсия, стипендия ва бошқа тўловларни тўлалигича пластик карталарга ўтказиш жараёни жадаллаштирилди.

Бу жараёнга аввалига ўқитувчилар, коммунал хизмат ходимлари жалб қилиниб, уйма-уй юриб, пенсионерларни пластикка ўтишга кўндириш улар зиммасида эди. Сўнгги беш ой давомида улар сафига банк ходимлари ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бораëтгани ортидан Марказий банк ўтган йил июнь ойидан бошлаб пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаб қўйган эди.

Июнь ойидан бошлаб ойлик¸ пенсия ва нафақаларнинг¸ аҳоли ихтиëрига зид тарзда 100 фоизга пластик карточкага ўтказилиши Марказий банк бу муаммони қуюшқонда ушлаб туришнинг шундан бошқа чорасини топа олмаганини кўрсатмоқда.

Ўтган йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборган ҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келганиижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон банклари тарафидан бериладиган тўлов карталари бошқа мамлакатлардаги каби ишламаслиги фуқаролар учун қийинчиликларни келтириб чиқаради. Масалан, Ўзбекистонда пластик картага боғланган банк ҳисоб рақамидан нақд пул чиқариб олишнинг имкони йўқ. Картадаги пулни нақдлаштириш учун 10-20 фоиз устама тўлашга мажбур бўлади. Ёки дўконларда пластик карта билан савдо қилинганда товарнинг нархи одатда 10-20 фоизга қимматроқ бўлади.