"ЎзМиннатҚувват"нинг электр занжирида тўк йўқ, Раисида бет йўқ (Блог)

“ЎзМиннатҚувват” 66666 ишчи-хизматчисига 6 ойдан бери маош бермаяпти – пул йўқ.

66666 ишчи-хизматчи 6 ойдан бери ғиринг демайди – тил йўқ.

“Чироқ зовут қурамиз, - деди “ЎзМиннатҚувват” раиси, - бошқа йўл йўқ”.

- Қайси пулга қурасиз, - демади 66666 ишчи-хизматчи – тил йўқ.

Раис йўқ пулга йўқ зовутни қуриб, йўқ чироқни ишлаб чиқарди.

“Энди ҳар ой уйдан пул опкеласанлар, чироқни сотиб оласанлар, тушган пулни маош қилиб оласанлар, бошқа йўл йўқ”, деди Раис.

66666 ишчи-хизматчи 6 ойдан бери уйидан пул опкелади, лекин чироқ ҳам йўқ, маош ҳам йўқ.

66666 ишчи-хизматчи 6 ойдан бери чироқ қани, маош қани демайди – тил йўқ.

66666 ишчи-хизматчи 6 ойдан бери ўзига ўзи таскин беради: чироқни беришганида ҳам фойдаси йўқ, чунки тўк йўқ.

66666 ишчи-хизматчи ўйлаб-ўйлаб аҳолидан тўк пули йиғмоқ бўлди – бошқа йўл йўқ.

66666 ишчи-хизматчи ишни ўз уйидан бошлади – бошқалардан сўрашга бет йўқ.

“Бермайман, - деди 66666 ишчи-хизматчининг 66666 хотини, - бер-май-ман! Йўқ тўк учун пул йўқ!”

“Ҳа, эржон, ўзминнатқувватингизнинг лампичкаси қани? Ҳеч йўқ лампичкани ушлатинг, кейин мендан тўк пули миннат қилинг”, деди яна 66666 хотин.

“ЎзМиннатҚувват”нинг 66666 ишчи-хизматчиси тўк пулини қўшнилардан сўролмайди – фойда йўқ.

Сўраса “ўзларинг тўкни Фиғонистонга сотвориб, биздан яна миннат қиласанларми”, демасликларига кафолат йўқ.

Хуллас, “ЎзМиннатҚувват”нинг 66666 ишчи-хизматчиси ҳар куни идораларига бўш келади – пул йўқ.

Шунинг учун “ЎзМиннатҚувват” 66666 ишчи-хизматчисига 6 ойдан бери маош бермаяпти – пул йўқ.

Шу жойга келганда яна бошидан ўқишингиз мумкин: занжирнинг икки учи туташди.

Бу занжир қачон узилади? Дарак йўқ.

Қачонки Энг Катта эътибор берса узилади – ҳозирча эътибор йўқ.

Ҳозирча эътибор йўқ, чунки “ЎзМиннатҚувват”нинг раиси - Энг Каттанинг ишончидаги одам, у Энг Катта ўрнатган ўйин қоидаларини бузгани йўқ.

Лекин Энг Каттанинг ишончи баҳор қуёшидай гап – ишонч йўқ.

Ишонч йўқ, шунинг учун йўқ пулга йўқ зовут қуриб, 66666 ишчи-хизматчиси хотинларининг липпаларидан суғурган пулларни оливолиши керак – ишонч йўқ.

Эртанги кунга ишонч йўқ.

Ҳеч кимда йўқ.