Бугун Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича суди ИШИДчиликда айбланган армани насроний Арамаис Авакян ва унинг тўрт шеригини айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, Авакян 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У билан бирга судланган тўрт киши 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси олди.
Судланувчилар Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланган.
33 яшар Авакян ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, ўтган йилнинг 4 сентябрида ҳибсга олинган.
Миллати арман бўлган Авакяннинг насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айбланаётгани Арманистон ҳукуматини ҳам четда қолдирмади.
Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентига Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилди.
Арманитон Омбудсмени ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллади.