Сешанба куни Россия таркибидаги Ингушетия Республикасида Сталин депортацияси қурбонлари хотирланди.
Маросимда минглаб одамлар ва Республика раҳбарлари иштирок этди. Ингушетия бўйлаб депортация қурбонлари хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Чеченистонда 2012 йилдан бери Сталин томонидан депортация қилинган чеченлар хотираси ёдга олинмайди. Республика раҳбарининг расмий сайтида ҳам 23 февраль чеченлар ва ингушлар депортация қилинган кун экани эсланмаган. Чеченистон президенти Рамзон Қодиров отаси Ахмат Қодиров вафот этган кун-10 майни Хотира ва мотам куни, деб эълон қилган.
1944 йилнинг 23 февралида 650 минг чечен ва ингуш ўз ватанларидан Марказий Осиёга кўчирилган эди. Депортация қилинганларнинг ярмидан кўпроғи йўлда олиб келинаётган пайтда очликдан, сувсизликдан ва оғир шароитлар туфайли ҳалок бўлган. 1957 йилда чечен ва ингушларга ватанларига қайтишга рухсат берилган.