Bellingcat Малайзия йўловчи учоғини уриб туширган Россия ҳарбийлари исмларини эълон қилди

Ҳисоботда МН17 рейсини уриб туширгани иддао қилинаётган рус ҳарбийлари расми ҳам келтирилган

Малайзиянинг МН17 рейсининг уриб туширилиши тафсилотларини тафтиш этган мустақил гуруҳ Ҳолландия терговчиларига тақдим этган ҳисоботни ошкор қилди. Қароргоҳи Британияда жойлашган Bellingcat мустақил тергов гуруҳи ҳисоботида Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing 777 йўловчи учоғининг уриб туширилишига Россия ҳарбийларининг алоқаси борлиги айтилган.

24 февраль куни очиқлаган ҳисоботида Bellingcat гуруҳи учоқни уриб туширгани айтиладиган Бук-М1 ракетаси ҳақида билган ва, эҳтимол, уни бошқарган Россия армиясининг юқори мавқедаги зобитлари исмларини келтирди.

Бундан аввалги ҳисоботида тадқиқотчилар МН17 рейсини Россия армиясининг 53-аксилракета мудофаа бригадаси уриб туширганини иддао қилган эди.

Бугунги ҳисоботда эса Bellingcat бевосита гумонланувчиларни номма-ном келтирган.

2014 йилнинг 17 июль куни Амстердам-Куала Лумпур йўналиши бўйича парвоз қилган МН17 рейсининг уриб тушрилиши оқибатида учоқдаги 298 одамнинг барчаси ҳалок бўлган эди.