Президент Каримовнинг "оёғи ердан узилган" ҳокимлар борасидаги танқиди ортидан уларнинг ваколатини назорат қилувчи тизим жорий қилинди. Эндиликда ҳокимнинг бешта ўринбосари ёнига олтинчи муовин тайинланди. Бу муовин ҳокимга тўғридан-тўғри бўйсунмайди.
Ўзбекистон Президентининг “Давлат бошқаруви ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги жорий йилнинг 24 февралида имзолаган фармони вилоят ҳокимларининг жойлардаги мутлақ ҳукмронлигига чек қўйишни кўзлагани айтилмоқда.
Фармонда ҳокимликлари тузилмаси янгидан тасдиқланди.
Бу тузилмага кўра вилоят ҳокимларига автоном тарзда ишлайдиган янги ўринбосар штати жорий этилган.
Фармонга илова қилинган жадвалда бевосита ҳокимга бўйсунадиган бешта ўринбосар ëнига битта бевосита бўйсунмайдиган ҳоким ўринбосари белгиланган.
Жадвалда бешта хоким ўринбосари ҳокимга махсус ишорат билан боғланган.
Янги ўринбосар ва унинг котибияти акс этган катакча эса автоним ҳолатда боғлиқлик ишоратисиз тасвирланган.
Янги жорий қилинган ва ҳокимнинг қишлоқ ва сув ҳўжалиги бўйича ўринбосари деб номланган мулозим ҳамда унинг бешта ходими президент фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда¸ Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Божхона қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик идоралари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш тартиби белгиланган.
Ўзбекистон Президентининг “янги ўринбосар” ҳақидаги фармонининг ижроси устидан назорат Бош вазир Мирзиëев зиммасига юклатилган.
Озодлик билан исмини айтмасдан суҳбатлашган Ўзбекистон қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирлигидаги мулозимга кўра¸ вилоят ҳокимларигa “бўйсунмас” ўринбосар тайинлаш Ўзбекистон президентидан чиққан ташаббусдир:
- Ҳокимлар мутлақ ҳукмрон бўлмаслиги учун қилинган иш бу. Президент 4 февраль куни Тошкент вилоятининг навбатдан ташқари сессиясида ҳокимни ишдан олганида ўзи хон кўланкаси майдон ҳокимлар урчишига барҳам бериш ҳақида гапирувди. Бу гапдан 20 кун ўтиб хокимларга янги ўринбосар тайинланди. Шу пайтгача ўринбосарларни ҳаммаси ҳокимга қулдек бўйсунар эди. Энди жадвални кўрган бўлсангиз янги ўринбосар ва унинг бешта ходими ҳокимга боғланмаган мустақил тузилма. Эшитишимча, янги ўринбосар бевосита Бош вазир билан алоқада бўлади. Ҳокимни айланиб ўтиб вазирлар билан гаплашади. Янги ўринбосар марказий ҳокимиятнинг маҳаллий ҳокимлик ичидаги кўзи қулоғи¸ дейди суҳбатдош.
Президентнинг танбеҳи фармонга айланди
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 4 февралдаги сессиясида чиқиш қилган президент Ислом Каримов собиқ ҳокимни “оёғи ердан узилиб қолган” ва “босар-тусарини билмай қолган” дея танқид қилган эди.
Бу танқиддан 20 кун ўтиб “оёғи ердан узилиб қолган” ҳокимларни назорат қилишини кўзда тутган фармон чиқди.
Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра республика раҳбарининг сиëсий иродаси билан яратилган бу назорат самарасиз бўлади.
- Шу пайтгача структура ҳам хокимларни мутлақ ҳукмронга айланмаслигини таъминлайдиган механизмга эга эди. Аммо таъминланлай олмади. Янги ташаббус ҳам муаммога ечим топади деб ўйламайман. Бошқарув тизими шаффоф бўлсагина авторитаризмни олдини олиш мумкин¸ дейди суҳбатдош.
Айни пайтда ҳокимликлар тузилмаларида янги қарор бўйича янгилаш жараëни кетмоқда.
Жорий этилган янги штатлар бўйича вазифалар тақсимотини мақбуллаштириш бошланган.
Вилоят хокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси ўз мавқеида қолдирилган.