Қрим Олий суди Қрим-татарлар Мажлисини тақиқлаш сўровини кўриб чиқмоқда

Қрим Олий суди биноси.

Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим Олий суди бугун Қрим-татарлари Мажлисини экстремистик ташкилот деб топиб¸ Россия ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаш юзасидан киритилган аризани кўриб чиқишни бошлади.

Маҳкаманинг дастлабки йиғини хавфсизликчоралари кучайтирилган вазиятда ўтказилмоқда¸ суд биносини кўп сонли полиция отрядлари қўриқламоқда.

Қрим прокурори Наталья Поклонская 2015 йилнинг 15 февралида Қрим-татарлари Мажлисини тақиқлаш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва бу аризанинг қрим-татарлари сўровига кўра ҳозирланганини иддао қилган.

Қрим-татарлари халқ Мажлиси раиси Рефат Чубаров 2015 йил октябрида Россия ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилганликда айбланиб¸ сиртдан ҳибсга олинган эди. 2014 йилда Мажлиснинг собиқ раиси¸ қрим-татарларининг таниқли етакчиси Мустафо Жамилевнинг Қримга кириши тақиқланди¸ ҳибсга олиш ҳақида сиртдан ҳукм чиқарилган Жамилев 2016 йил январидан бошлаб федерал қидирувга берилган.

Мажлис раиси ўринбосари Ахтем Чийгоз 2014 йилда Симферополда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинди. Ҳуқуқ фаоллари Чийгозниг сиëсий маҳбус деб эътироф этди.