Президент табриги, байрам татимаган аёллар

71 ёшли Раҳбархон Одилова 2014-2015 йилларда бир неча маротаба президент резиденцияси ва Олий Мажлис бинолари олдида пикет ўтказган.

Ўзбекистон президенти ҳар йили бўлганидек жорий йилда ҳам ўзбек аёлларини 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлади. Президент табригида Ўзбекистон жамиятини аёллар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги, мамлакатда аёллар ривожланиши учун барча имкониятлар яратилгани алоҳида таъкидланган. Аммо лавҳамиз қаҳрамони бўлган уч аёл президент мақтаниб айтган имкониятларнинг барчасидан маҳрум этилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

http://www.ozodlik.org/content/article/27593262.html

Президент ютуқларни айтиб мақтанди

Ўзбекистон президенти ҳар йили бўлганидек жорий йилда ҳам ўзбек аёлларини 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлади.

Президент табригида бугунги ўзбек жамиятини аёлларнинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Президентнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда таълим, маданият, фан соҳасида аёллар 73 фоизни, соғлиқни сақлаш соҳасида 75 фоизни, саноатда 42 фоизни, қишлоқ хўжалигида 43 фоизни ташкил қилади.

Табрикда айтилишича, аёллар 120 мингта кичик бизнес субъектларини, 4550дан ортиқ фермер хўжаликларини бошқармоқда.

Ислом Каримов Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” лойиҳаларини амалга ошириш учун 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар маблағ ажратилганини ҳам эслаб ўтди.

Табрикда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати аёллар ва қизларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча имкониятларни яратиб бермоқда. Жумладан, 2015 йилда тадбиркор аёлларга 1 триллион 255 миллиард сўм кредит берилган. Бу эса 2014 йилга нисбатан 130 фоизга кўпдир.

Президент ўз табригида ўтган йили коллежларни битирган 230 минг қиз ишга жойлаштирилгани, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган 6 минг қизга 51 миллиард сўмдан кўпроқ кредит берилганини ҳам таъкидлаган.

Мақоламизни президентнинг табриги билан бошлаган бўлсак-да, бу ўринда Ислом Каримовнинг табрик матнини таҳлил ёки ревизия қилмоқчи эмасмиз. Президент айтган гаплар бўлса бордир. Ўзбеклар айтганидай: “Пошшо билмаса гапирмайди, ахир”.

Мақоламизнинг қаҳрамонлари Қўқондаги бир оиланинг уч аъзоси. Учаласи ҳам аёл. Учала аёл ҳам беш йилдирки ўз ҳақ –ҳуқуқлари тикланиши учун курашиб келаётган, бунинг ортидан кўп азоб тортган. Уларга аёллар байрами ҳам татимай турган бир пайт.

Биринчи қаҳрамонимиз оила бошлиғи Раҳбархон Одилова

Оила аъзолари билан 2007 йилда босқинчиликда айбланиб қамалган ва 2010 йилда амнистия туфайли озодликка чиқарилган 71 ёшли Раҳбархон Одилова 2014-2015 йилда Ўзбекистон президенти резиденцияси ҳамда Олий мажлис бинолари олдида пикет ўтказганидан сўнг ижарада ўтирган уйидан ҳам ҳайдалди.

У беш йилдан бери ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг оиласига нисбатан жиноят ишларини сохталаштирганини айтиб, топталган ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини талаб қилмоқда. Беш йиллик азоб ортидан Раҳбархон Одилова саратон касалига чалинган. Ҳозирги кунда унинг аҳволи ўта оғир.

-Қизим Одилова Муҳайёни 27 кун управлениянинг подвалида сақлашди. Урушаяпти, сочларини кесиб ташлашаябди... Саккиз ой мобайнида мен қизимни фақат судда кўрдим. Суд уни 7 йилга ҳукм қилганидан кейин, уни Тошкентга жўнатишаяпти. Тошкентдаги қамоқхонада эса қизимнинг бўйидан уч ойлик боласи тушаяпти. Қизимни қамашганида ҳеч қандай ҳоимиласи йўқ эди. Кейин билсам, Қўқонда бунинг олдига начальник управления бўлган одам кириб, қизим билан тўла алоқа қилаверган. Мен бу ишни эшитганимдан кейин қизим Иродахон билан адолат излаб хатлар ёза бошладик, - деди Раҳбархон Одилова.

Иккинчи қаҳрамонимиз Муҳайё Одилова

Озодлик радиоси 2011 йилнинг 21 ноябрида ва 24 ноябрда Муҳайё Одилованинг қамоқда зўрланиши билан боғлиқ мақолаларни эълон қилган эди. Мазкур мақолаларда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Абдукарим Шодиев Олий мажлисда бўлиб ўтган йиғинда қўқонлик Муҳайё Одилова 2006 йилда тергов пайтида милиция зобити томонидан зўрлангани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлагани айтилган. Аммо бир неча кундан сўнг Ўзбекистон ИИВ Муҳайё Одилова зўрлангани расман тан олингани ҳақидаги маълумотларга раддия бергани хабар қилинган.

- 2 йилу 3 ойда қамоқдан чиқиб, ёзмаган жойим қолмади. Ҳомиладорлик ҳақида оғиз ҳам очишмайди. Мен ёзсам, менга бошқача жавоб ёзишади. Мана шу ёзганларим учун Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими яна жиноий иш қўзғатган. Борсам, “жим юр, ҳомиладор бўлганинг ҳақида умуман гапирма”, дейди. Қандай гапирмайман? Оилам бузилиб кетди, ўзим туғмас аёлга айландим, - деган эди Озодлик радиосига Муҳайё Одилова.

Учинчи қаҳрамонимиз Ирода Одилова

Мақоламиз қаҳрамонларининг айтишларича, уларнинг бошига келган кулфатлар Қўқон гўшт комбинатида инжинер бўлиб ишлаган Ирода Одилова комбинатнинг ўша даврдаги раҳбарларининг ишлаб чиқариш корхонасини талон-тарож қилишига қарши чиққани ортидан бошланган. Бунинг оқибатида 2006 йилда Раҳбархон Одилованинг кичик қизи Муҳайёни милиция ходимлари ўз уйидан қимматбаҳо буюмларни ўғирлаганликда айблаб, милицияга олиб кетишган ва қамашган.

Ирода шундан сўнг ҳам Қўқон гўшт комибантини талон-тарож қилаётганларга нисбатан курашни тўхтатмаган. Айни пайтда Раҳбархон ва Ирода Одиловалар Муҳайёнинг қамоқда зўрлангани воқеаси юзасидан тергов ўтказишни талаб қилиб, юқори идораларга ўнлаб маротаба шикоят қилган. Охир - оқибат оиланинг қолган аъзолари ҳам 2007 йилда босқинчилик айблови билан судланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2010 йилда амнистия билан озодликка чиққан.

-Мен цех бошлиғи эдим. Учта директор билан ишладим. Сўнгги директорга қарши курашганимдан сўнг мен билан бирга бир кун ҳам гўшт комбинатида ишламаган онамни ҳам қўшиб қамашди. Мени 13 йилу 4 ойга, 63 ёшигача бирон марта судланмаган онамни 9 йилу 4 ойга қамашди. Гўшт комбинатини талон тарож қилганлар эса комбинатни сотиб, данғиллама саройларда олигар каби яшашмоқда. Уларга қарши турганлар эса ёмонотлиқ бўлиб, қамалиб кетди,- деди Ирода Одилова.

Раҳбархон Одилованинг айтишича, оила аъзолари қамоқда ўтирган пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг қариндошлари жабрланувчилар сифатида уларнинг мол-мулкларини ўзлаштириб олган.Ҳозирги кунда Раҳбархон, Ирода ва Муҳайё Одиловалар том маънода кўчада яшамоқдалар. Уларнинг президент девони, Олий Мажлис, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигига ёзган юзлаб аризалари эса шу кунгача эътиборсиз қолдирилмоқда.