Тошкентдаги "Қўйлиқ" бозори бузилиб, туркча андозада қайта қурилади

Тошкентдаги "Қўйлиқ" бозорини бузиб, унинг ўрнига туркча андозадаги бозор қуриш режалаштирилаяпти.

Sputnik агентлиги хабарига кўра, бунинг учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Бозор ҳудудидаги усти очиқ мажмуани бузиб, унинг ўрнига ёпиқ бино қуриш режаланган. Бунинг учун мутахасислар Туркияга бориб, Анқара ва Истанбул бозорларидан андоза олишган.

Реконструция ишларининг биринчи босқичи йил охиригача якунланиши кутилаяпти.

Режага кўра, мажмуанинг деҳқон бозори рўпарасидаги қисми ҳам кейинги йил бузилиб, қайта таъмирланади.

Шунингдек, "Қўйлиқ" бозори ҳудудида вилоятлардан келувчи савдогарлар учун 260 ўринли меҳмонхона қурилиши ҳам режалаштирилган.

Шу кунларда пойтахтнинг Юнусобод туманидаги қадимий "Олой" деҳқон бозорининг озиқ-овқат ва қуруқ мева сотиладиган қисми ҳам қайта қуриш учун бузилаяпти.

Тошкент шаҳар маъмурияти жорий йилда пойтахтдаги "Миробод", "Авиасозлар", "Наврўз", "Сирғали", "Юнусобад" бозорлари ҳам қайта қурилишини маълум қилган.