Ўзбекистонликлар маҳалла оқсоқолларини сайлайди

Ўзбекистон Сенати қарори билан маҳалла оқсоқоллари сайловини уюштириш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича махсус комиссия тузилган.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида Ўзбекистонда маҳалла қўмиталарига сайлов ўтказилади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати матбуот хизматига кўра, бўлажак сайловларда 9 минг 764 нафар маҳалла қўмитаси раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режаланган.

Маҳалла қўмитаси раислигига номзод, одатда, олий маълумотли бўлиши ва сайлов олдидан тегишли ҳудудда камида беш йил мунтазам равишда яшаб келган бўлиши лозим.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси қарори билан бўлажак сайловларни уюштириш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича махсус комиссия тузилган.

Ўз-ўзини бошқаришнинг энг кичик институтларидан бири бўлган, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг номидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган маҳалла қўмиталари мустақил Ўзбекистонда давлат идораларига хабар етказувчи тизимга айлангани юзасидан шикоятлар бор.