Ўзбекистонда йилда икки марта – Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида умумхалқ ҳашарлари ўтказилади ва бу тадбирларда иштирок этадиганлар текин ишлаб берадилар.
Бундан ташқари корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-хизматчиларнинг икки ҳашар ҳисобидан икки кунлик иш ҳақи “Маҳалла” хайрия жамоат жамғармасига ўтказиб берилади.
Яқин-яқинларгача иш ҳақини Жамғармага ўтказиш тавсия қилинган бўлса, бу йилга келиб буйруқ кўринишини олди.
Озодлик, бир ҳужжатга кўзи тушгач, шундай хулосага келди.
Asia-terra.info 21 март куни Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимининг “Бошқармалар, корхоналар, ташкилотлар, банклар, жамоат ташкилотлари ва барча ўқув юрти раҳбарларига” хати нусхасини эълон қилди.
2016 йилнинг 9 мартида битилган, 60 рақами билан қайд этилган, мазмунидан буйруқ эканлиги кўриниб турган мазкур ҳужжатда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил, 4 мартдаги 176-ф-сонли Фармойишига асосан 12-13 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилингани”дан келиб чиқиб, ҳашарда амалга оширилиши лозим чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.
Туман ҳокимининг буйруқ хатида ўша чора-тадбирлар орасида мана бу фармойиш бор:
“Умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан вазирликлар, идоралар ҳамда мулкчилик шаклидан қатъиназар, барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи, хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамларига ўтказилиши назарда тутилсин.”
Туман ҳокимининг хатидан асосий мақсад келтирган парчадаги буйруқни адресатларга етказиш бўлгани мактуб адоғида келтирилган маълумотдан кўриниб турибди. Унда “Маҳалла” жамғармасининг Юнусобод туман бўлимининг банк ҳисоб рақами келтирилган.
"Ҳа, шундай хат бор"
Озодлик Хатни имзолаган Юнусобод туман ҳокими Ш. Д. Азимжоновнинг ўзини Нуриддин, деб таништирган ёрдамчиси билан боғланди. Нуриддин хат чиндан ҳам ҳокимликдан чиққанини, иш ҳақини “Маҳалла”га ўтказиш тўғрисидаги гаплар ҳам ростлигини тасдиқлади. Лекин ҳоким ёрдамчиси иш ҳақига оид талабнинг қонун доирасидами-йўқлиги тўғрисидаги саволимизни “Маҳалла” жамғармасига беришни маслаҳат қилди.
“Маҳалла” жамғармасининг матбуот котиби ишга янги келганини баҳона қилиб, Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.
“Маҳалла”нинг Жиззах вилоят бўлими вакили Жамғарма маблағлари корхона, ташкилот, муассасалардан келиб тушадиган маблағлардан ҳосил бўлишини тасдиқлаб, жамланган маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтожларга берилишини айтди. Лекин конкрет рақамлар келтиришни истамади.
Буйруққа айланган Тавсия
Агар Юнусобод тумани ҳокими бу йил бир кунлик иш ҳақини “Маҳалла” жамғармасига ўтказишни буюраётган бўлса, яқин-яқинларгача иш ҳақини ўтказиш тавсия қилинар эди.
Масалан, 2013 йил августида Тошкент шаҳар ҳокимияти расмий сайтида келтирилган ҳужжатда бундай дейилган эди:
“2013 йил 24-25 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши муносабати билан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимларининг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши тавсия этилган”.
Ўшанда “Маҳалла” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими вакили Озодлик мухбирига жамғарма маблағи қандай шаклланиши тўғрисида гапираркан бундай деган эди:
- Бир йилда икки марта шанбалик бўлади. Наврўз арафасида ва мустақиллик арафасида шанбалик бўлади. Ўша пайтда тушган пуллардан, 30-40 фоиз маблағ тушади. Ихтиëрий равишда ўтказилсин деган жойи бор. Шуни ташкилотлар ушлаб оларкан. Ихтиëрий ўтказсак ўтказамиз бўлмаса йўқ, дейишади. Кўпчилик ўтказмайди, деган эди “Маҳалла” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими вакили.
Шаклан мустақил, мазмунан ҳукумат идораси
Афтидан, ҳокимликлар номи нодавлат-нотижорат ташкилоти
(Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (бундан буён матнда “Фонд” деб юритилади) юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилотдир.)
амалда ҳукуматнинг таркибий бўлаги
(Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2013 йилнинг биринчи чорагида аҳоли ўртасида эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб борсин)
бўлган “Маҳалла” жамғармасининг “чўнтаги”ни тавсия билан тўлдиролмай чарчаган кўринадики, эндиликда буйруқ йўлига ўтиб олганга ўхшайди.
Ҳуқуқшунос фикри
Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, ишчи, хизматчиларнинг иш ҳақини уларнинг розилигисиз бирон бир мақсад йўлида ушлаб қолиш жорий қонунларнинг қўпол тарзда бузилишидир.
Юнусобод тумани ҳокими буйруғи матнини Озодликдан эшитгач, ҳуқуқшунос бундай деди:
- Бу ҳеч қандай қолипларга тўғри келадиган нарса эмас. Фақат мажбурий тўловларга, солиқларга ушлаб қолиш мумкин, холос. Бу ерда Меҳнат кодески талаблари қўпол равишда бузилган, деди Руҳиддин Комилов.