Бишкекдаги “Ёш техниклар станцияси” ўқув марказида ўқитувчи бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик ўқитувчи Виталий С. педофилияда гумонланиб, ҳибсга олинди.
Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Ўлжўбай Қазабаев Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда 44 ёшли мураббийнинг ҳибсга олинишига “Ёш техниклар станцияси”да ўқийдиган қизларнинг ота-оналари берган ариза асос бўлганини айтди.
- Аризада радиотехника тўгарагига қатнаётган 2006 йилда туғилган қизчани Виталий исмли ўқитувчиси синфга қамаб, у ёқ – бу ёғига қўл теккизиб, қабиҳ ҳаракатларни амалга оширгани ёзилган. Кейин милицияга 10 яшар бошқа қизчанинг ота-онаси мурожаат қилиб, худди шу ўқитувчи қизларини синфга қамаб, уни зўрламоқчи бўлганини маълум қилишган. Шу икки факт асосида Виталий С. қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига қамалди. Ҳодисалар юзасидан тергов ишлари бошланди, - деди Ўлжабай Қазабаев.
Маълумотларга кўра, Бишкекка Ўзбекистондан кўчиб келган Виталий С. мазкур ўқув марказига бир йил муқаддам ишга жойлашган. Унга нисбат берилаётган ҳодисалар юзасидан ҳозирча жиноий иш қўзғатилмаган.
“Ёш техниклар станцияси” ўқув маркази раҳбари Фарида Қасимова бу лавозимда ишлай бошлаганига энди бир ой бўлгани, тергов ишлари якунланмагунича Виталий иши бўйича бирор изоҳ беролмаслигини айтди.
- Мен бирор милиционерни кўрганим йўқ. Унга қандай айблов қўйилаётганини билмайман. У одамни ҳам бир томонлама қоралаб чиқолмаймиз. Тергов якунланишини кутайлик. Ҳозир бу ҳақда изоҳ бериш тўғри эмас, - деди ўқув маркази раҳбари.
“Ёш техниклар станцияси” ўқув марказида болаларга радиотехника, видеотехника, компьютер техникаси, расм ва бошқа турли йўналишларда сабоқ берилади. Марказда 24 та тўгарак фаолият кўрсатиб, бу ерда бутун шаҳардан 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган мингга яқин бола таҳсил олади. Ўқув марказида 30 чоғли ўқитувчи ишлайди.
Бишкек шаҳар Таълим бошқармаси бошлиғи Сауле Мээрманова пойтахтдаги ўқув муассасаларига ишга қабул қилинаётган ўқитувчилардан психоневрология ва наркология диспансерларидан маълумотнома ҳамда судланмагани ҳақида ҳужжат талаб қилинишини билдирди.
- Ўтган йили биз ўқитувчиларни шу ҳужжатлар асосида ишга олганмиз. Бу ўқитувчининг барча ҳужжатлари жойида эди, аввалги иш жойидан ҳам унга яхши тавсиянома беришган. Бироқ тергов якунлангунича биз бу борада на бирор нарса иддао қила оламиз, на рад эта оламиз. Нима бўлганда ҳам, бу ёмон ҳодиса. Бунақа ҳодисалар содир бўлмаслиги учун биз директорларга огоҳлантирув хати юбордик. Улардан ўқувчиларни дарсдан кейин яхшилаб кўздан кечиришни талаб қиляпмиз, - деди Сауле Мээрманова.
Таҳлилчилар таълим соҳасида ходимларни ишга олишда хўжакўрсинга ҳужжат талаб қилиш етарли эмаслигини, бу жабҳада профилактик ишларни кучайтириш лозимлигини таъкидламоқдалар. Бишкекдаги “Продвижение альтернатив” жамоатчилик жамғармаси руҳшуноси Перизат Асилбаева болалар ўқийдиган таълим муассасаларига ишга олинаётган ўқитувчилар айниқса қаттиқ текширилиши керак, деган фикрда.
- Чет элда бунақа ишга олишда махсус психологик синов ўтказилади. Ўқитувчиликка даъвогар компьютер тестидан ўтади, 1,5-2 соат мобайнида 500 та саволга жавоб беради. Синовдан сўнг қайси одам хавф солиши мумкинлиги, унинг кайфияти қандайлигини аниқлаш мумкин. Синов натижасига кўра одам ишга олиниши ёки олинмаслиги мумкин. Бизда ҳам шундай тартибни жорий қилиш керак, - дейди руҳшунос Перизат Асилбаева.
Бишкек милицияси маълумотига кўра, авваллари пойтахт мактабларида педофилия билан боғлиқ ҳодисалар қайд этилмаган.
2012 йили Ўшда мадраса мударриси 9 яшар болани зўрлаганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Ҳодиса юзасидан маҳкама 3 йил давом этган ва жорий йил бошида Ўш шаҳар суди мударрисни 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.