Ўзбекистон қонунчилиги¸ қолаверса¸ президент ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўплаб фармон ва қарорларига мувофиқ¸ умуман онкологик касалликлар¸ хусусан эса¸ саратонга чалинган болаларни даволаш бепулдир. Аммо Каримов тантана билан “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб ном берган 2016 йилда боласи оққонга чалинган оилалар фарзанди ҳаëтини сақлаб қолиш учун бор-йўғини сотиш¸ боз устига¸ ижтимоий тармоқлар орқали саховатпешалардан ëрдам сўрашга мажбур бўлмоқда.
Оққон ташхиси ортидан хонавайрон бўлган оила
Жиззахлик Ҳайитмурод эндигина 9 га кирди¸ мактабнинг 2-синфида ўқиши керак. Аммо бир йилдан бери оққон билан курашаëтган болакай деярли мактаб кўргани йўқ – Ҳайитмурод умрининг асосий қисмини онкология касалхоналарида ўтказмоқда.
Ҳайитмурод оиладаги тўрт фарзанднинг учинчиси. Отаси Асад Ҳайитмурод оққонга чалингунга қадар¸ таксичилик қилиб¸ рўзғор тебратиб келган. Ўғли бу оғир дардга чалингач¸ оиланинг ҳаëти остин-устун бўлиб кетган:
- Ўғилчамиз оққон¸ лейкоз бўлиб қолди. Тошкентдаги дўхтирлар ўғлинг яхши бўп кетади¸ деганидан кейин¸ бор-будимизни сотдик. Ўтган йил августдан бери олдин Жиззахда¸ кейин Тошкентдаги Гематология больницасида даволанаяпмиз. Ҳар ойда 15-20 кунлик лечение олаяпмиз. Олмаса¸ қон кескин камайиб кетаяпти¸ дейди Ҳайитмуроднинг отаси Асадбек.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Давлат қани?
Бутун дунëдаги каби Ўзбекистонда ҳам саратон касалликлари¸ жумладан оққон ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар сирасига киритилган ва уни даволаш масъулиятини тўлиғича давлат ўз зиммасига олган.
Айни пайтда¸ аксар йилларга айнан болалар саломатлигини яхшилаш иддаоси билан “Соғлом бола”¸”Соғлом авлод” каби номлар берилгач¸ йил номи билан боғлиқ қатор фармойиш ва қарорлар ҳам қабул қилинади ва уларда “онкогематологик касалликларга чалинган болаларни бепул дори-дармон билан таъминлаш тўлиғича таъминлансин”¸ деб белгилаб қўйилади.
2016 йил Ўзбекистонда “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб номланди ва бу ном ортидаги иддаони қўллаш учун яна ўнлаб турли даражадаги қарорлар қабул қилинди.
Аммо Ҳайитмурод каби ҳаëт учун курашиб ëтган болалар ва уларнинг боласини ўлим чангалидан қутқариш учун бор-йўғидан айрилаëтган оилаларига бу қарорлардан бирор амалий ëрдам тегаëтгани йўқ:
- Ўғлимни Қатортолдаги больница (Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти – таҳр.) га ëтқизишдан олдин ҳамма нарса¸ ҳамма дори-дармон текин дейишди. Ëтқизиб¸ химия олгандан кейин сарф-харажат¸ уни опкел¸ буни опкелбошланди. Соғлиқни сақлаш вазири номига хат ëздим¸ ариза билан чиқдим. Улар кейин даволовчи врачга: “Нима қиласан қийнаб¸ қўлингда нима дори бўлса даволайвер”¸ деб айтипти. Врачлар менга: “Соғлиқни сақлаш вазирига айтиб нима фойда топдингиз¸ улар сизга ҳеч нарса қилиб бермайди¸ бизда ҳеч қанақа дори-дармон йўқ”¸ деди. Ҳозир бир курс лечениесига 2-3 миллион пул кетаяпти¸ дейди Ҳайитмуроднинг отаси.
Facebookчилар ҳимматига қараб қолган умр
“Соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат муассасаларида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш”¸ хусусан¸ саратон каби ижтимоий касалликларни даволашни бепул деб иддао қилувчи давлат ўз қонун ва қарорларини бажармаëтган бир пайтда¸ боласини даволатиш умидида кўчада қолиш даражасига етган оилалар ижтимоий тармоқлар орқали саховатли одамлардан ëрдам сўрашга мажбур қолмоқда.
Facebook, Telegram каби тармоқлардагилардан ëрдам сўраëтганлар орасида Ҳайитмуроднинг оиласи қатори самарқандлик 2 яшар Мубинанинг ота-онаси ҳам бор.
Мубина ҳам олти ойдан бери оққондан даволанмоқда ва бу даволаниш нархи айнан жиззахлик Ҳайитмурод оиласи каби унинг ота-онасини нафақат руҳий-эмоционал¸ балки молиявий жиҳатдан ҳам ҳолдан тойдирган:
- Қиммат дори-дармон айтадилар¸ шунга ëрдам керак. Биринчи курс лечениеси 15 миллион сўмга тушди. Иккинчи 5 миллионларга тушди. Камида тўрт курс лечение олиши керак. Қийналганимиздан кейин Facebookда ëрдам сўрадик. Шуни ўқиб¸ одамлар келаяпти¸ ëрдам беришаяпти¸ дейди қизи оққонга чалингунга қадар Асадбек каби ҳайдовчилик билан оила боққан Маъмурбек.
Ўлим билан олишаëтган болакайлар ҳаëтини ўғирлаш тизими
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги вазиятдан яхши хабардор Озодлик манбасига кўра¸ ҳар йили саратон каби ижтимоий касалликлар рўйхатига киритилган хасталикларни даволаш учун давлат бюджетидан 600 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади.
“Бу маблағни сарфлаш давлатнинг энг олий поғонасида ўтирганларга яқин шахслар томонидан назорат қилинади ва унинг қарийб ярми¸ дори-дармонга айланмай туриб¸ турли ўртакаш ширкатлар билан тузиладиган сохта келишувлар схемаси орқали¸ хориждан дори ва технология сотиб олишга сарфланди¸ деган алдов билан еб юборилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тортиб¸ касалхоналарда бепул дорини қабул қилиб олувчи ҳамширага қадар қолган ярмини ейман деб қараб ўтиради. Давлатнинг энг тепасидан то энг қуйисига қадар ëйилган коррупция боис¸ қоғозда оққонга чалинган Ҳайитмурод ва Мубина каби болаларни даволашга ажратиладиган дори-дармон эгасига етиб бормаяпти ва етиб бормайди ҳам”¸ дейди Озодлик манбаси.
Савоб излаганлар учун...
Бугунга келиб жиззахлик 9 яшар Ҳайитмурод ва самарқандлик 2 яшар Мубинанинг ота-онаси бор-будини фарзандлари ҳаëтини сақлаб қолишга сарфлаб бўлган. Аммо болакайлар олдида ҳаëт учун курашнинг навбатдаги босқичлари – учинчи ва тўртинчи муолажа¸ пул топилса¸ илик алмаштириш турибди ва оиланинг давлатдан ëрдам олиш умиди кесилиб бўлган.
Ўзбекистонда оққонни даволашдаги сўнгги муолажа саналган илик трансплантациясини амалга оширишга рухсат йўқлиги боис¸ Ҳайитмуроднинг ота-онасига уни Ҳиндистонга олиб кетиш тавсия қилинмоқда.
- Ўғлимни даволатиш учун бор-йўғимни сарфлаб бўлгандан кейин¸ тошкентдагилар Ҳиндистонга олиб боринг¸ дейишаяпти. Больницага ҳиндистонлик врачлар келиб кўрди. 20 мингдан 35 минг долларгача туради бунақа трансплантация дейишди. Бу гапдан кейин¸ очиғи ҳаëтдан тўйдим. Қаердан оламан бунча пулни¸ ҳозир на уйим¸ на машинам қолди¸ ҳатто эшагим ҳам йўқ. Олти ойдан бери ижара пулини тўлолганим йўқ. Лекин боламни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак бўлса¸ қиламан¸ дейди Асадбек.
Асадбекнинг бу аҳволидан хабардор Facebookдаги кўнгиллилар Ҳайитмуроднинг операцияси ва Мубинанинг кейинги муолажаларига маблағ тўплаш учун хайрия акцияси бошлаган.
Бу акцияга қўшилишни истовчилар Ҳайитмуроднинг отаси Асадбекка +998 93 299 08 02 рақами¸ Мубинанинг отаси Маъмурбекка +998 91 542 29 54 рақамига қўнғироқ қилиб¸ тафсилотлар¸ хусусан¸ ҳисоб рақамларини билиб олишлари мумкин.