Ўзбекистоннинг Сўх туманига Қирғизистон йўлак очиб бермайди

Сўх тумани Қирғизистон ичкарисидаги анклавдир.

Қирғизистон ҳеч қачон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига йўлак очиб бермайди. Бу ҳақда пайшанба куни Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Курбанбай Искандеров маълум қилди.

Унинг айтишича, агар Қирғизистон Ўзбекистонга Сўх анклавига элтувчи йўлак очиб берадиган бўлса, Боткен ва Лайлак туманларидаги 200 минг қирғизистонлик анклав ҳолатида яшашга мажбур бўлиб қолади. Искандеровнинг айтишича, шу муносабат билан Ўзбекистонга йўлак бермаслик тўғрисидаги қарор аллақачон қабул қилинган.

Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани Қирғизистон ичкарисидаги анклав ҳисобланади. Мазкур туманда 60 мингдан кўпроқ аҳоли яшайди. Ўзбекистон бир неча йиллардан бери Қирғизистондан Сўх анклавини Ўзбекистон билан туташтирувчи йўлак беришни илтимос қилаётган эди.