Қирғиз мухолифатчиси Ўзбекистон МХХ билан алоқа қилганликда гумонланмоқда

"Ҳокимиятни куч билан эгаллашга ҳаракат қилганлик"да айбланаётган мухолифатчилар.

Қирғизистонда “ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик” айблови билан қамоққа олинган мухолифатчи Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқа қилгани иддао қилинмоқда.

Бишкекдаги Биринчи жамоатчилик миллий телеканали 27 март куни ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига таянган ҳолда бу борада ҳақда тайёрланган махсус лавҳани намойиш этди.

Лавҳада айтилишича, “Халқ қурултойи” ҳаракати етакчиси Эрнест Карибеков Ўзбекистон давлат махфий хизматлари билан ҳамкорлик қилганини исботловчи аудиоматериаллар Миллий хавфсизлик хизмати томонидан эълон қилинган. Бундан ташқари Карибековники экани даъво қилинган электрон почта ёзишмалари ҳам очиқланган.

Эрнест Карибеков ва унигнг яқинлари ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

25 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси “ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик” айблови билан мухолифат лидерлари Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров ва Эрнест Карибековни ҳибсга олган эди.