Панама ширкати ëрдамида "пул ювганлар" орасида МХХга алоқадор ўзбекистонликлар ҳам бор

Mossack Fonseca адвокатлик ширкатининг Панама шаҳридаги бош идораси.

Номаълум манба Ғарб журналистларига Панамадаги Mossack Fonseca адвокатлик ширкатининг 40 йиллик махфий ҳужжатларини сиздирди. 11,5 миллион ҳужжатдан жаҳон давлатлари раҳбарлари ва бойларнинг манбаси шубҳали миллиардлаб долларни қандай қилиб солиқ ва жамоатчиликдан бекитгани аëн бўлади. Фош бўлганлар орасида Россия¸ Қозоғистон¸ Озарбайжон ва Украина президентларидан тортиб то Саудия қироли Салмон ва футбол юлдузи Лео Мессигача бор. Ҳозирда суриштирув журналистлари томонидан синчковлик билан таҳлил этилаëтган ниҳоятда катта ҳажмдаги ҳужжатларнинг қатор давлатларнинг амалдаги ва собиқ президенту вазирларидан тортиб машҳур юлдузларга қадар жиддий сиëсий ва молиявий зарба бўлиши тахмин этилмоқда.

40 йиллик ишнинг қийриғи чиқди

Панамадаги Mossack Fonseca адвокатлик ширкати 40 йилдан бери бой мижозларга оффшор ҳудудларда ширкат ва банк ҳисоблари очиб бериш билан шуғулланади. Дунëдаги давлат ва ҳукумат раҳбарларидан то хусусий бойларга қадар хизмат кўрсатиб келаëтган бу ширкат фаолияти ҳозирга қадар бирор марта на жиноий ва на маъмурий текширув объекти бўлган эмас.

Аммо фаолияти кўздан панада қолиб келган бу ширкат маълумотлар базасида сақланаëтган 214 минг номдаги оффшор компаниясига оид 11 миллиондан кўпроқ сиздирилган ҳужжатдан Mossack Fonsecaнинг манбаси шубҳали пулларни ювиш каби халқаро жиноятга алоқадорлиги ошкор бўлди.

Якшанба куни маълум бўлишича¸ Mossack Fonseca ҳужжатлари аввалига Германиядаги нуфузли Suddeutsche Zeitung газетасига тақдим этилган. Бу газета таҳририяти сўнгра сиздирилган ҳужжатларни Суриштирув журналистлари халқаро консорциумига аъзо 72 давлатдаги 107 нашр билан баҳам кўришга қарор қилган.

Ким томонидан сиздирилгани очиқланмаëтган ушбу ҳужжатларда дунëнинг амалдаги ва собиқ 72 давлати раҳбари¸ умумиятла 143 нафар сиëсатчига алоқадор бойликларнинг Mossack Fonseca номидан оффшор ҳисобларга бекитилганига оид маълумотлар мавжуд.

Пул ювиш ва солиқдан қочиш амалиëтининг кундалик қадамлари акс этувчи бу ҳужжатлар¸ мутахассислар таъкидича¸ оффшор дунëсига ҳозирга қадар берилган энг катта зарбадир.

Путин ва унинг командаси

Фош этилган ҳужжатларнинг бир қисми Россия президенти Путиннинг болалик дўсти¸ петербурглик виолончел чолғучиси Сегей Ролдугин номи билан очилган оффшор тармоқларига оиддир.

Айтилишича¸ сиздирилган ҳужжатлар Путиннинг қизи Мариянинг чўқинтирган отаси бўлган Ролдугин Панама ширкати хизматидан 100 миллион долларни ювишда фойдаланган.

Ҳужжатларга кўра¸ Россия телереклама бозоридаги акцияларнинг 12¸5 фоизига эгалик қилувчи Ролдугин Россия банки акцияларининг 3.2 фоизи эгаси ҳамдир.

Путиннинг яна бир эски дўсти Юрий Ковальчук томонидан назорат қилинадиган Россия банки эса 2014 йилда Кремль Қримни аннексия қилгани ортидан Ғарб санкцияларига учраган ширкатлар рўйхатида.

Панама ширкатининг сиздирилган ҳужжатларидан Ковальчук ва унинг банки Қибрисдаги Sandalwood офшор компанияси орқали давлат назоратидаги банкдан 1 миллиард доллар олгани англашилади. Бу пул эса¸ кўп ўтмай Россияда юқори фоиз ставкалари билан қарз сифатида берилган ва олинган даромад Швейцария банкларига бориб ўринлашган.

Ҳужжатлардан аëн бўлишича¸ Қибрисдаги Sandalwood ширкати айни пайтда Путиннинг қизи Катерина тўйини ўтказган Санкт-Петербургдаги тоғ чанғиси курортига молиявий жиҳатдан алоқадордир.

Сиздирилган ҳужжатлардан бир қатор юқори даражали Россия расмийларининг Mossack Fonseca адвокатлик ширкати ëрдами билан ўз оила аъзоларига номига очилган оффшор компаниялар орқали манбаси шубҳали пулларни солиқдан яширгани ва ювгани кўрилади.

Бу расмийлар орасида Путин матбуот котиби Дмитрий Песков (хотини орқали)¸ Иқтисодий тараққиëт вазири Алексей Улукаев (ўғли орқали) Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев (жияни орқали) каби Путин командасининг садоқатли аъзолари бор.

Panama Leaksдаги ўзбекистонликлар....

Озодликка аëн бўлишича¸ ҳозирда Mossack Fonseca адвокатлик ширкати маълумотлар базасидан сиздирилган миллионлаб ҳужжат суриштирув журналистлари томонидан синчиклаб таҳлил этилмоқда.

Бу гуруҳ аъзоларидан бири¸ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) муҳаррири Миранда Патручич Озодлик билан суҳбатда таҳлил давомида навбат Панама ширкати хизматидан фойдаланган ўзбекистонликларга ҳам келишини айтади:

- Дастлабки қидирувдан Овик Мкртчян номи чиқиб келди. Ишончимиз комилки¸ бу ҳужжатлардан ҳали анча ўзбекистонликнинг номи чиқади. Mossack Fonsecaнинг ўзбекистонлик бошқа мижозларини қидиришни шу ой охирларида бошлаймиз. Гап миллионлаб ҳужжат ҳақида кетаëтгани боис¸ уларни топиш¸ Панама ширкати орқали айнан қандай олди-берди қилганларини аниқлашга вақт керак¸ дейди Миранда Патручич.

Озодлик Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси билан ҳамкорликда Mossack Fonseca адвокатлик ширкати орқали пул ювиш операцияларини амалга оширганликда гумонланаëтган бошқа ўзбекистонликларга оид маълумотларни яқин келажакда эътиборингизга тақдим этади.

МУҲАРРИРДАН: Ушбу мақола 2016 йилнинг 21 июль куни ўзгартирилди ва Овик Мкртчян тўғрисидаги ОЕР/ОР асослаб беролмаган баёнотлар олиб ташланди. ОЕР/ОР бу маълумот бу мақоланинг илк версиясига киритилганидан афсусда.