Сўнгги икки ҳафта ичида Андижон шаҳар Халқ таълими бошқармаси раҳбари ва Андижон политехника касб-ҳунар коллежи директори пора билан қўлга олинди. Озодлик манбаларига кўра, бошқарма бошлиғи 500 АҚШ доллари миқдорида, коллеж директори эса 200 АҚШ доллари миқдоридаги пора олишда айбланмоқда. Андижонлик манбалар кейинги пайтда вилоятда катта-кичик миқдорда пул олаётган порахўр раҳбарлар ови кучайиб қолганини айтмоқдалар.
Иккита раҳбар аёл пора билан ушланди
Андижон шаҳридаги манба Наврўз байрамидан буён шаҳарда уч амалдор нақд пора олаётган кезда қўлга олинганини хабар қилмоқда.
Манбага кўра, булардан бири Халқ таълими шаҳар бошқармаси раҳбари М.М.дир:
"Бу аёлнинг 40-45 ёшлар атрофидаги ёрдамчиси бўларди, Ш. деган йигит. Аёл йиллар давомида порани мана шу йигит қўли билан олган экан, охирги марта 500 АҚШ долларини олаётган пайтда МХХ ушлаган бу йигитни. Ҳозир йигит ҳибсда, у аёл очиқда, аммо унинг устидан ҳам "пора олиш-беришга алоқадорлик" айби қўйилган", деди андижонлик манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Унга кўра, Андижон политехника касб-ҳунар коллежи раҳбарининг ҳам бир неча кун муқаддам 200 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга олинган:
"Наврўздан кейиноқ Андижон шахар, Муқимий кўчаси 14-уйдаги Политехника коллежи директори ишга қабул қилишда 200$ пора олишда қўлга олинди", деб ёзди андижонлик манба.
Раҳбарлар ишига тикланмайди
Озодлик ҳар икки мулозим - Халқ таълими шаҳар бошқармаси раҳбари М.М. ва Андижон политехника касб-ҳунар коллежи директори бўлган Д.Ю.нинг ишдан олинганини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Андижон шаҳар ҳокимлигидаги ходимнинг тасдиқлашича, шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиғи бўлган М.М. ўз аризасига биноан ишдан бўшаган:
"Ўзи ариза ёзиб, ишдан кетди. Энди бошқа ишга ўтса керак. Ҳозир қаерда эканини ҳам ҳеч ким билмайди. Шунақа пора ишлари бўлди, деб эшитдик. Ёрдамчиси ҳам йўқ ишда, ишдан олинган", деди исмини очиқламаган ходим.
Озодлик бошқарма билан боғланди ва айни пайтда М.М.нинг ўрнида янги раҳбар ишлаётгани, собиқ раҳбар ишдан ўз ихтиёри билан бўшагани расман тасдиқланди.
Андижон вилояти Коллежлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими ҳам Политехника касб-ҳунар коллежи директори пора можаролари ортидан ишдан олинганини тасдиқлади. Унга кўра, Д.Ю. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси қарори билан ишдан олинган ва бу соҳада бошқа ишга тикланмайди.
Андижонда порахўр мулозимлар ушланмоқда
Булар Андижон вилоятида пора билан ишдан олинган қатор мулозимлардан иккиси экани айтилмоқда.
Озодлик билан исми-фамилиясини сир сақлаб гаплашган манба сўнгги ойлар ичида Андижон шаҳар паспорт столида ишлайдиган бир мулозимнинг 100 АҚШ доллари, прокуратурада ишлайдиган яна бир мулозимнинг 600 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга олинганидан хабардорлигини иддао қилмоқда:
"Шу МХХ тузилмасига ҳам янги одамлар келиб қолди икки йилдан бери. Шунақа коррупционер раҳбарларни ишдан олишаяпти. Аслида ҳамма коррупционер, лекин МХХ маълумотларни секин ўрганиб, битта-иккитадан ишдан олаяпти. Иккинчи йил кетаяпти, МХХ раҳбари алмашган. Янги келганда 2 йилча шунақа яхши ишлашади, кейин ўзгаришади".
Пора миқдори кичик, аммо доимий
Катта-кичик лавозимларда ишлаётган амалдорларнинг пора билан ҳибсга олиниши кейинги пайтларда Ўзбекистонда тез-тез кузатилмоқда.
Кузатувларга кўра, кейинги йилларда аксарият мулозимлар олаётган пора миқдори бироз кичиклашган, аммо мунтазам даромад манбаига айланган.
"Андижонда ҳозир исталган ташкилотга ишга кириши пулли. Коллежни битирганлар 150 долларгача, Бакалавр босқичини тугатиб келганлар 200 долларгача пора берса, ишга олинади. Тиббиётни битирганлар кўпроқ - 600 долларгача пора берса, касалхонада ҳамшира бўлиб ишга олинади. Ставкалар шунақа. Бу қўлга олинган раҳбарлар шунақа пораларни олишда ушланган-да", деб иддао қилди вазиятни шарҳлаган андижонлик манба.
Порахўрлар ови республика бўйлаб бормоқда
Кейинги пайтда Ўзбекистон расмий матбуоти, айниқса, "Ҳуқуқ" газетаси пора билан қўлга олинган давлат амалдорлари, турли ташкилот ва корхона ходимлари ҳақида тез-тез хабар қилмоқда.
Расмий хабарлар мазмунидан, ушланаётган порахўрларнинг аксарияти таълим, тиббиёт, ИИВ ва солиқ тизимида ишлаётган ходимлар, асосан, кичик даражадаги мулозимлардир.
Жумладан, Андижонда порахўрлар ушланганига оид хабар матбуотга ошкор бўлган бир пайтда Ўзбекистондаги нашрлар порахўрликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган ўзбекистонлик солиқ инспекцияси ходими 36 яшар Қаҳрамон Турсунов, ҳатто, Бошқирдистондан ушлаб келинганини хабар қилди.
25 март куни “Ҳуқуқ” газетаси Жиззахдаги “Кўк бозор” ҳудудида текширув ўтказгач, қонунбузарликни рўкач қилиб, маҳаллий тадбиркордан 3 миллион 500 минг сўм пора талаб қилган шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходими Акмал Бозоров пора билан қўлга олинганини хабар қилди.
Айни газета 18 март куни берган хабарга кўра, Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани давлат солиқ идораси текширувлар шўъбаси бошлиғи Шавкат Камолов 1100 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланган, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Яна айни газетада 3 март куни берилган хабарга кўра, Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт коллежи директори лавозимида ишлаган аёл имтиҳон мавсумида жами 32 минг АҚШ доллари миқдорида пора олгани аниқланган.
Бироз муқаддам УЗИНФОРМ агентлиги Наманганда болаларни пора эвазига тиббиёт коллежига киритиб қўйишни ваъда қилган Эркин Жалолов ушланиб, судга тортилганини хабар қилган эди.