Самарқандда улгуржи дори-дармонлар савдоси билан шуғулланувчи тиббий фирмалар муддати ўтаётган дориларни вилоятдаги аптекаларга мажбуран сотаяпти. Самарқанддаги аптекачилардан олинган маълумотга кўра, фирмалар буюртманинг 5-10 фоизи миқдорида муддати ўтаёзган дориларни олишга уларни мажбурлашади. Ўз навбатида айрим аптекачиларнинг мижозларни алдаб муддати ўтиб кетган дориларни аҳолига сотиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Нақд пули йўқлар муддати ўтаётган дориларни олишга мажбур
Самарқанд шаҳридаги аптекалардан бирининг эгаси улгуржи савдо қилувчи тиббий фирмага 2 миллион сўмлик дори-дормонга буюртма берган. Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, буюртмасининг 5 фоизи миқдоридаги нархда муддати ўтаётган дориларни олишга уни мажбурлашмоқда:
"Бу дориларни перечисление орқали олган тақдирингизда "нагрузка" қўшилади. Менинг пулим банк ҳисобимда. Фирма ҳозир буюртмамга 100 минг сўмлик муддати ўтаётган дориларни қўшиб бераяпти. «Олмайман» десангиз, «Нақд пул олиб кел», дейишади. Шунинг учун шу 5 фоизлик "нагрузка"га розимиз. Баъзи фирмалар 10 фоизлик "нагрузка" қўйган. Шунақа дориларни қўшиб беришини "нагрузка" деб аташади", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз самарқандлик аптекачи йигит.
Суҳбатдошнинг айтишича, буюртмага мажбуран қўшиб бериладиган дорилар орасида ҳатто муддати тугашича 1 ой қолган тиббий препаратлар ҳам бўлади:
“Муддати жуда оз қолган дориларни ҳам қўшиб беришади. Асосан 1 ойдан 6 ойгача муддати қолган дорилар қўшилади. Мажбуран беришади. Уни олмасангиз сизга дори бермайди”, дея зорланади аптекачи йигит.
У Озодликка Самарқанддаги тиббий фирмалардан бирининг нархлари кўрсатилган ҳужжатни жўнатди.
Ушбу ҳужжатда буюртмани пул ўтказиш йўли орқали олганларга Россияда ишлаб чиқарилган Оксолин мази, Ливарол, Фунготербин кремлари қўшиб берилиши таъкидланган. У ерда ушбу препаратларнинг муддати 2016 йил май ойида тугаши кўрсатилган.
Озодлик мухбири оддий мижоз сифатида Самарқанддаги улгуржи дорилар савдоси билан шуғулланувчи фирмаларга қўнғироқ қилиб, буюртма қилишга уриниб кўрди.
Шаҳардаги Озодлик боғланган фирмалардан 2таси – Elysium ва “Омад Фарм” агар буюртма пул ўтказиш орқали тўланадиган бўлса, унинг 5 фоизлик “нагрузка”си борлигини айтишди. “Ориё Меҳр” фирмаси эа қўшиладиган “нагрузка”ни телефон орқали муҳокама қилмасликларини айтишди.(Озодликда ушбу уч фирма ҳодимлари билан суҳбатнинг аудиоси ҳам мавжуд)
Учала фирма ҳам нақд пул тўланган тақдирдан ҳеч қандай “нагрузка” қўшилмаслигини таъкидлашди. Лекин самарқандлик аптекачиларга кўра, бутун мамлакатда кузатилаётган нақд пул тақчиллиги муаммоси уларни ҳам қийнаяпти.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимлари ушбу ҳолатни изоҳлашдан бош тортишди.
Муддати ўтган дори беморларга сотилади
Самарқанддаги аптекачилар билан суҳбатдан маълум бўлишича, улар дориларнинг муддати ўтиб кетган тақдирда мижозларни алдаб сотишга ҳаракат қилишади.
“Келган мижозларни руҳан миясига таъсир қилишга ҳаракат қиламиз. Улар олган дориларга муддати ўтган препаратларни тавсия қиламиз. Шунақа алдаб-авраймиз, улар бу дориларни ҳам қўшиб, сотиб олишади. Тўғриси, баъзида виждоним қийналади, бунақа қилганимга. Баъзи аптекаларда муддати ўтган дорини ҳам индамасдан сотувга қўйишади. Одамлар камдан-кам срогига қарайди. Билмасдан ўша муддати ўтган дориларни сотиб олиб, ишлатишади”, дейди аптекачи йигитлардан бири.
Муддати ўтган дорини ишлатган ҳатто ўлиши мумкин
Доришунос олим Абдуқодир Сатторовнинг айтишича, муддати ўтган дориларни ишлатиш оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин:
- Дориларнинг 120 мингдан ортиқ тури бор. Уларнинг ичида гормонал дориларнинг сроги ўтганини ишлатадиган бўлса, параличга олиб келади. Қўл-оёқнинг қўқисдан ишламай қолиши, бош мияга қон қуйилиши, инсульт, юракка қон қуйилиши инфарктни келтириб чиқариши мумкин. Сроги ўтган вакциналарни ишлатса. Аллергия беради ва астма бўлади, ўлади, тамом. Ҳап дорилар, таблеткаларни ишлатса буйракка тош пайдо қилиши мумкин. Жигар фаолиятини ишдан чиқариши мумкин. Агар антибиотикларнинг сроги ўтганини ишлатса, жигарни цирроз деган касалга олиб келади, дейди доришунос олим Абдуқодир Сатторов.