Россияда меҳнат муҳожирларини назорат қиладиган хизмат тугатилди. Бироқ...

В.Путин ўзининг собиқ тан соқчиси В.Золотов билан

Сешанба, 5 апрель куни Россия президенти Владимир Путин Федерал миграция хизмати ва Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизматини Ички ишлар вазирлигига бўйсундирди.

Шунингдек, Россия президенти бевосита ўзига бўйсинувчи Миллий Гвардия ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбияловчи “Юнармия” ҳаракатини таъсис этажагини эълон қилди.

Экспертлар бу ўзгаришларни Путиннинг шахсий ҳокимиятини кучайтиришга қаратилганини тахмин қилмоқда.

ФМС ва ФСКН тугатилди

Сешанба куни Россия кучишлатар тизимларида катта ўзгаришлар рўй берди.

Россия президенти Владимир Путин Федерал миграция хизмати (ФМС) ва Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати (ФСКН) ни тугатиб, уларнинг ваколатларини тўлиқ Ички ишлар вазирлигига топширди. Тегишли қонун лойиҳаси Россия Давлат Думасига киритилгани тўғрисида хабар 5 апрель куни Кремль расмий сайтида пайдо бўлди.

ФСКН ва Миграция хизматининг Ички ишлар таркибига киритилишини Владимир Путин шахсан ўзи эълон қилди:

- Биз ФСКНни МВД тизими таркибига киритаяпмиз. Бу тузилма ўз самарали ишини мустақил ҳолатда, аммо Ички ишлар таркибида давом эттиради, деган фикрдаман. Бу Миграция хизматига ҳам тегишли гап. Хорижликларнинг меҳнат шартномалари масаласида жиддий муаммолар мавжуд. Бу масалани биз ҳукумат раҳбари билан ҳам муҳокама қилдик. Ички ишлар вазирлиги, Миграция хизмати ва Наркотиклар назорати хизмати ҳамда Ички қўшинлар ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда ўз ишини пишитмоғи лозим, деди Владимир Путин.

Миллий гвардия бевосита президентга бўйсунади

Шунингдек, давлат раҳбари “мамлакатда террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш” мақсадида ИИВнинг Ички қўшинлар ҳузурида янги тузилма – Миллий гвардия тузилишини айтди:

- Қарор қабул қилинди: Ички қўшинлар ҳузурида ижро этувчи ҳокимиятнинг янги бўғини – Миллий гвардия ташкил этилади. У Ички ишлар вазирлиги билан бир сафда террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашади, уларга ОМОН, СОБР ваколатлари топширилади. Биз уни нафақат қароримизда, балки Федерал қонунимизда ҳам акс эттирамиз. Миллий гвардия биз учун бирламчи саналган йўналишларда ўз ишини муваффақиятли давом этдиради деган умиддаман, деди “бирламчи” вазифалар нималигига алоҳида тўхталиб ўтирмаган Россия президенти.

Расмий қарорда Ички қўшинларнинг Миллий гвардияга ўзгартирилиши “Давлат ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш, инсон ва гражданин ҳақлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш” зарурати билан изоҳланганини кўриш мумкин.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков гвардия “ноқонуний” норозилик намойишларини бостиришга ҳам мўлжалланганини аниқлаштирди. У, шунингдек, Миллий гвардия тузилишини яқинлашиб келаётган парламент ва президент сайловлари билан боғламасликни сўради.

Гвардиячилар чегара ҳимояси, махсус объектлар ва юклар мухофазаси, қурол-аслаҳа обороти ва хусусий қўриқчилик фаолияти устидан назорат ҳам қилиши белгиланди. Бугунга келиб Россия Ички қўшинлари 180 минг аскардан таркиб топган бўлиб, унинг асосий қисми контракт асосида хизмат қилади.

Йиғилишда Миллий гвардия қўшинлари федерал хизмати директори этиб Россия Ички қўшинлари раҳбари Виктор Золотов тайинланди. Бундан олдинроқ Золотов президент Путиннинг шахсий тан соқчиси, кейинроқ унинг хавфсизлиги хизматини узоқ йиллар давомида бошқариб келгани маълум.

Янги тузилма жангчилари одамларга нисбатан огоҳлантиришларсиз ўқотар қўрол ва куч ишлатиши мумкинлиги жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди: махсус воситалар ҳомиладор аёллар, ногиронларга ва одамлар тўдасидагина ишлатилиши ман этилди.

Қонун лойиҳасида белгиланишича, Миллий гвардия ходимлари истаган одамни ҳибсга олиши ва бунинг учун фуқаролар шахсий уйларига кириб боришига рухсат берилди. Гвардиячилар ҳужжат текшириш, маъмурий қонунбузарлик ҳақида протокол тузиш ва шахсларни 3 соатгача ушлаб туриш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳозирча тасдиқланмаган “Интерфакс” маълумотига биноан, Россия Миллий гвардияси умумий сони 350 дан 400 минг кишини ташкил этиши мумкин.

Миллий гвардия бошқарувига танклар, оғир артиллерия, ҳарбий ҳужум вертолётлари топширилади.

Бу ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига тайёргарлик 2016 йилнинг 1 июнигача тугатилиши буюрилди.

“Юнармия” - ватанпарвар ёшлар ҳарбий тузилмаси

Жорий йилнинг 1 сентябридан Россияда “Юнармия” ёшлар ҳарбий ватанпарвалик ҳаракати тузилади. Бу ҳақда эълон қилган Россия Мудофаа вазири муовини Николай Панков “Юнармия” ҳарбий қисмлар, ҳарбий-ўқув даргоҳлари, ДОСААФ тузилмаси ҳамда ЦСКА ҳарбий-спорт ташкилотларига бириктирилишини билдирди.

Бундан олдинроқ, 2015 йилнинг октябрида, Владимир Путин совет пионерлари ташкилоти аналоги – “Россия ўқувчилари ҳаракати”ни тузиш тўғрисида махсус қарор чиқарган эди.

Путин шахсий ҳокимиятини кучайтирмоқдами?

Таъкидлаш жойизки, ФМС ва ФСКНнинг тугатилиши тўғрисидаги гап-сўзлар сўнгги бир йилда пайдо бўлганди. ФМС ваколати тугатилиши тарафдори бўлган мутасаддилар Миграция идорасини “оддий паспорт-виза хизматига айланиб қолгани”, ишга рухсатнома - патент бериш ваколатини Москва ҳукумати тортиб олиб қўйгани, минтақаларда ҳам шу иш бошланиб кетганини гапирмоқда эди. Миграция назорати тўлиқ ФСБ ва унга қарашли Чегара хизматига ўтказилиши мумкинлиги ҳам маълум қилинган эди.

Россия ҳукумати раҳбарияти Федерал миграция хизмати ва Наркотиклар назорати федерал хизматининг тугатилишини давлат тизимида кўплаб ваколатларнинг бири-бирини такрорлаётгани билан изоҳлади.

Думага бу масалада юборилган тушунтириш хатида шу тариқа давлат бюджетига катта миқдорда даромад келиши, бу маблағлар эса бевосита жиноятчилик, террорчиликка қарши курашаётганларни рағбатлантиришга, уларни моддий-техника базасини янгилашга қаратилиши билдирилди.

Кузатувчилар кучишлатар тизимлардаги мазкур ўзгаришлар ФСБ ва МВДнинг ФСКН ва ФМС ваколатларини тақсимлаб олишга интилиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқда.

Мустақил сиëсатшунос Дмитрий Орешкин Миллий гвардия аслида Путиннинг шахсий гвардияси эканига эътиборимизни қаратди. Озодлик билан суҳбатда у янги Федерал хизмат Россия бюджетига ортиқча юк бўлади, дейди:

- Путин ўз ҳокимиятига асосий хавф кўча намойишларидан эмас, сарой фитнасидан бўлиши мумкинлигини органдан чиққан одам сифатида жуда яхши тушунади. Шу сабабли у вақти-вақти билан қарталарни чийлаб туради, янги кучишлатар тизимларни тузади. Жаноб Золотов эса яхши текширилган, содиқ инсон ва айнан унга Миллий гвардий бошқаруви топширилаётгани Владимир Путиннинг ўз хавфсизлиги масаласида хавотирлари борлигини англатмоқда.

Миллий гвардия бевосита Путинга бўйсунаётганига эътибор қаратаман, чунки уни ишлатишга Владимир Путинга ҳеч кимдан, ҳатто парламентдан рухсат олиш шарт эмас! Бу ҳар қандай вазиятда ишлатилиши мумкин бўлган унинг шахсий инструменти.

Бошқа томондан, бу ўзгаришлар Владимир Путиннинг имкониятлари чекланиб бораётганидан ҳам даракдир. Бир вақтлар Совет Иттифоқи танклари бутун дунёдаги жами танклардан кўплигига қарамасдан, янги танкларни ишлаб чиқарган эди. Иттифоқ парчаланганида СССРда 63 минг 900та танк бор эди, лекин уларнинг бирортаси ҳам давлат парчаланиши олдини ололмади. Янги кучишлатар тизимлар тузилиши хавфсизлик иллюзиясини пайдо қилади. Аслида 300-400 минглик янги тузилма бюджетга оғирлик, генераллар ўртасида зиддиятларнинг авж олиши деганидир. Бугунги кунда юзага келган муаммоларни ҳал этиш эса ҳуқуқий давлат тузиш, мустақил судларни ташкил этиш, қонун доирасидагина фаолият юритишга бориб тақалади, деди Дмитрий Орешкин.

Барча мамлакатларда “Панамагейт” билан боғлиқ можаро авж олиб бораётган бир пайтда президент Владимир Путин Россия Федерал архив агентлиги (Росархив)ни шахсий бошқарувига олгани ҳам маълум бўлди.

Идора раҳбари Андрей Артизов Россия архив жамғармасида 500 миллион иш мавжудлигини очиқлади. Шунингдек, 2016 йилнинг март ойида Россия Давлат архивини 1992 йилдан буён бошқариб келган Сергей Мироненко истеъфога чиқарилган эди.