Ўзбеклар Стокҳолмда илк Исломий Маданият Маркази қурилишини бошлашади

Уч қаватли Исломий Маданият Марказида масжиддан ташқари, дарсхона, спортзал, болалар боғчаси ва савдо дўконлари бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Швеция пойтахти Стокҳолмда илк Исломий Маданият Маркази қурилишини бошлашмоқда.

Қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг уч қаватли янги бино 2 минг квадрат метр майдонни эгаллайди.

Маданият марказда бир неча юз мусулмоннинг ибодат қилишига мўлжалланган масжиддан ташқари, таълим маркази, болалар боғчаси, конференция ва спорт заллари ва савдо дўконлари иш олиб бориши режаланган.

Ташаббускорлар Исломий Маданият Марказини қуриш қарорини Стокҳолмда мусулмонларга масжидларнинг етишмаётгани билан изоҳлашди.

Улар Озодлик билан суҳбатда Стокҳолм шаҳар маъмурияти қурилишни бошлашга олти йил давом этган музокара ва маслаҳатлар ортидан изн берганини маълум қилдилар.

"Қурилиш апрель ойининг 25чидан бошланаяпти, - деб айтди Исломий Маданият Марказини қуриш ташаббуси билан чиққан асли ўзбекистонлик Абдулҳамид Раимов. - Қурилиш маблағи асосан мусулмонлар берган хайрия ҳисобига бўлаяпти."

Қурилиш ишлари икки йил давом этиши кутилмоқда.

Аҳолиси 10 миллион атрофида бўлган Швецияда 600 мингга яқин мусулмон бор.

Швеция Статистика Департаменти маълумотига кўра, 2004 йилда Швецияда 441 нафар ўзбекистонлик муҳожир яшаган.

2005 йилда Андижонда юз берган қонли воқеалардан кейин, ўзбек муҳожирлари сони икки бараварга кўпайиб, 964 нафарга етди.

Бугунги кунда Швецияда расман уч ярим мингга яқин ўзбекистонлик истиқомат қилади.