Тошкент вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига ўқишга келган ўқитувчилар ўзларига нисбатан ўқув юрти ходимларининг қўпол муносабатидан шикоят қилишди. Ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, дарсга кеч қолганлар кўпчилик олдида изза қилинади. Улар таҳқир ва ҳақоратлар остида малака ошираётганликларини айтишди. Айни пайтда институт раҳбарияти ўқитувчилар шикоятидаги ҳолатларнинг деярли барчасини тан олди.
"Ўқитувчининг итчалик қадри йўқ"
Мазкур институтда шу кунларда малакасини ошираётган ўқитувчилар номидан Озодликка бўлган мурожаатда айтилишича, олийгоҳда улар беҳурмат қилинади:
"Бу институтда ғайриинсоний ҳолатлар бўлаяпти. Бу ерда Тошкент вилояти туманларидан малака оширишга келган ўқитувчиларнинг итчалик қадри йўқ. Ўқитувчиларни одам ўрнида кўришмайди. Ўзбек ўқитувчиларининг бу ердаги аҳволи ҳароб аҳволда. Дарс берадиган айрим домлалар фақат номигагина келиб кетади, дарс ўтмайди. Бошқа домлалар малака оширишга келган ўқитувчиларни таҳқирлаш, менсимаслик билан овора холос", дейилада ўқитувчилар хатида.
"Дарсга кеч қолган сазойи қилинади"
Ўқитувчилар шикоятига кўра, агар маълум бир сабаб боис дарсга кеч қолишса, уларни кўпчилик олдида сазойи қилишади:
"Тошкент вилоятининг узоқ туманларидан келадиганлар сал кеч қолсаям расмини илиб қўйишади. Расм ёнига "Уйқуни яхши кўраман. Шунинг учун дарсга кеч қоламан" деган ёзувни ҳам илишади. Дарсга 1 минут кеч қолган одам ҳақоратлашларнинг остида қолади. Унинг устидан РайОНОга дарров шикоят хати юборилади. Жазолашдан кўра, узоқда яшайдиган учун ётоқхона қилишса яхши бўларди", дейилади ўқитувчилар номидан келган мактубда.
"Институт ҳудудига рўмол ва калишда кириш тақиқланади"
Ўқитувчилар ёзишича, институтда кийиниш қаттиқ назорат қилинади:
"Фақат "классический" кийиниш талаб қилинади. Аёлларга шим кийиш тақиқланган. Мутлақо костюм-юбкада бўлиш шарт. Рўмол ўраш тақиқланган. Агар ёши катта аёл ўқитувчи кўчада рўмолда юрадиган бўлса, у институт эшиги олдида рўмолини ечиб, бошяланг ичкарига кириши керак. Оёқ кийимга ҳам қаралади. Масалан, калишда келиш мумкин эмас. Аёлларнинг сумкалари ҳам стандарт бўлиши керак. Сумкага ҳар-хил тақинчоқлар, ленталар осилган бўлмаслигини лозим", дейилади ўқитувчилар шикоятида.
"Сақич чайнаш тақиқланади"
Мактубда ёзилишича, малака ошираётган ўқитувчиларга уйдан овқат олиб келиш ҳам тақиқланган:
"Овқатланиш қатъий институт ошхонасида бўлиш шарт. Уйдан овқат олиб келишга рухсат беришмайди. Эрталаб институт эшиги олдида сумкаларни текширишади. Қизиғи институт ҳудудида сақич чайнаш ҳам мумкин эмас. Институт ҳудудига 30 та камера ўрнатилган. Ўқитувчиларнинг ҳар бир ҳаракати кузатиб турилади. Дарсга звонок чалиниши билан эшикларни қулфлаб қўйишади. Тартиб-интизом яхши, лекин ўқитиш умуман талабга жавоб бермайди. Институт фасади чиройли, лекин орқа томонига ўтсангиз хароба аҳволда".
"Амир Темурнинг туғилган кунига ҳам пул йиғилди"
Ўқитувчилар шикоятига кўра, ушбу институтдаги бир ойлик ўқиш давомида турли баҳоналар билан пул йиғиш одати ҳам кенг тус олган:
"Канцтоварга 24000 сўм, портфолиога 45000 сўм, Амир Темурнинг туғилган кунига 25000дан йиғишди, бу пулга букет олиб, қандайдир ҳеч ким танимайдиган тарихчиларга беришди. Биз ўқишдан сўнг тест топширишимиз керак. Шу тестлар жавобини 5000 сўмдан пуллашади".
Ректор ёрдамчиси ўқитувчилар арзини тан олди
Институт ректори Рўзимурод Чориев йиғилишда эканини айтгач, унинг ёрдамчиси Лобар Эсонбоева Озодлик билан суҳбатда ўқитувчилар шикоятидаги ҳолатларнинг аксарини тан олди:
- Бизда тартиб-интизом шунақа. Илгари бу институтда обеддан кейин келса ҳам, кечқурун келса ҳам можно, бемалол бўлган. Ҳеч ким ҳеч нарса демаган. 1 кун, 2 кун келмаган, ортиқча гаплар чиққан. Ҳозир раҳбаримиз жуда қаттиққўл, тартибга риоя қиладилар. 8 яримдаги дарс, 8 яримда ҳамма шўтта бўлиши керак. Ахир биз тартибни ўқитувчилардан бошламасак, ўқувчидан қандай талаб қила оламиз.
Озодлик: Ўқитувчилар бизни ҳақорат қилишади, таҳқирлашади, менсишмайди деб шикоят қилишган.
- Бу уларни ёмонлаш, ҳақорат эмас. Бу ерда шуни кўриб, мактабда ўқувчисидан шуни талаб қилсин. Уларга гапирамиз. Булар, так, бориб, талаб қилсин ўқувчисидан.
Озодлик: Кийиниш борасида ҳам шикоят қилишган. Ҳатто ёши катта аёл бўлса ҳам институт ҳудудига киргандан кейин рўмол ечилсин, деган талаб бор дейишган.
- Кийиниш маданияти талаб қилинади, тўғри. Чунки бошида шу қадар бўлган, ҳамма домашний кийимда келган. Ҳамма қишлоқдан, узоқдан келади топган кийимида. Оёқ кийимини тозаламаган. Ўқитувчига тўғри келмайдиган кийимда келинган. Биз улардан ўқитувчи имижини талаб қиламиз.
Озодлик: Лобархон, ўқитувчилар шикоятида бир ҳолат бор. Улар уйдан овқат олиб келишга рухсат йўқ дейди.
- Энди мумкин эмас деганимиз, бу тозалик. Ҳамма хоҳлаган ерида овқат еб кетса, хоналарда, коридорларда ейилади. Бунақа қилса гигиенага тўғри келмайди. Шундан асраш мақсадида уйдан олиб келишга сал, озгина тақиқланган.
Озодлик: Агар мен институтга борсаму, оғзимда сақич бўлса, мени ичкарига киргизасизларми?
- Йўқ, киргизмаймиз. Сақич чайнаш таълим муассасида тўғри келмайди. Бу маданиятимизга, ўзбекчилигимизга ҳам тўғри келмайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тошкент вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида шу кунларда икки сменада 1000га яқин ўқитувчи малака ошираяпти. Институт ходимларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда узоқдан келган ўқитувчилар учун ётоқхонани ишга тушириш ҳаракати кетаяпти.