Асосан, Ўзбекистон ва Тожикистондан Москвага борган юздан ортиқ меҳнат муҳожири овқатдан заҳарланиб, шифохонага тушди.
BBC рус хизмати берган хабарга кўра, Москва шаҳридаги қурилиш ширкатларидан бирида ишлаётган муҳожирлар кечки овқатга берилган картошка ва товуқ гўштидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Россиядаги «ЭТМОС» ширкати раиси Каримжон Еров овқат муҳожирларни ишга ёллаган ширкат буюртмаси билан тайёрланганини айтмоқда:
«Ишчилар бу ҳақда очиқ гапирмаяпти, чунки иш жойини йўқотиб қўйишдан қўрқади. Кеча оқшом полиция ходимлари ҳам воқеа жойидан видео олишга қаршилик кўрсатган. Юздан ортиқ одам касалхонага ётқизилди. Шифокорлар йигитларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шундоқ кўчада биринчи ёрдам кўрсатишди", дейди фаол.
Россиядаги турли ширкатларга ёлланган меҳнат муҳожирлари, одатан, жуда оғир гигиеник шароитларда ишлаши, уларга элементар нормаларга жавоб бермайдиган даражада хизмат кўрсатилиши танқид қилиб келинади.