Қирғизистон Ўзбекистон пансионатлари учун компенсация тўламайди

Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати.

Қирғизистон Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги 4 пансионати учун компенсация тўламайди. Бу ҳақда Бишкекдаги Tazabek нашрига Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш фонди раиси ўринбосари Жумадилде ўғли Мурадил маълум қилди.

Унинг айтишича, 1992 йилда Қирғизистон парламенти МДҲнинг бошқа давлатлари ихтиёрида бўлган Иссиқкўлдаги пансионатларни миллийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилган. Мана шу қарорга асосан Совет иттифоқи пайтида Ўзбекистон томонидан Иссиқкўлда барпо этилган пансионатлар Қирғизистон мулки ҳисобланади.

Қирғиз расмийси Ўзбекистон пансионатларини миллийлаштириш жараёнини бир ой мобайнида якунлаш назарда тутилганини маълум қилди.

4 апрель куни Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан Иссиқкўлда бунёд этилган “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистонга қайтариб олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.