Жорий йил биринчи чорагида “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурига 10,6 миллиард куб метр газ оқизилди. Синхуа расмий агнтлиги берган хабар МО мамлакатлари ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда Хитойга 33 фоизга кўпроқ газ етказиб берилганини англатади.
Туркманистонда бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудидан ўтадиган қувур Хитойга 2009 йилдан бери газ етакзиб беради. Ўзбекистон 2010 йилда Хитойга газ сота бошлашини эълон қилган. Расмий маълумотларга кўра, 2012-2015 йиллар оралиғида Ўзбекистон Хитойга жами 6,5 миллиард куб метр газ сотган.
Бу йилги ўсиш қайси мамлакатлар ҳисобидан таъминлангани Синхуа хабарида келтирилмаган.
Умумий узунлиги 1830 километр бўлган магистралнинг учта линияси йилига жами 55 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга.
2014 йилда қувурнинг 4 линиясини қуриш бошланган ва 2020 йилга қадар тугатилиши кутилмоқда.
2009 йилдан 2016 йилнинг март ойи охирига қадар мазкур қувур орқали жами 140 миллиард куб метр газ етказиб берилган.