Россия Адлия вазирлиги Қрим-татар халқи мажлисини экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшди ва унинг фаолиятини тақиқлаб қўйди. Вазирлик сайтида хабар қилинишича, бу қарор Россия томонидан аннексия қилинган Қрим прокурори Наталья Поклонская қарори асосида қабул қилинган.
Украина ҳукумати томонидан 1999 йили жамоатчилик ташкилоти ўлароқ рўйхатга олинган Қрим-татарлар мажлиси яриморолнинг Россияга куч билан қўшиб олинишига қарши чиқиб келади.
Саноғи 2,5 миллион кишига етадиган татарлар Қрим аҳолисининг 12 фоизини ташкил этади. Уларнинг кўпи 2014 йил мартида яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин Қримни тарк этган.
Яриморолда қолган татарлар эса Москва дастаклаётган расмийлар томонидан турли босим ва тазйиқларга учраётганидан шикоят қилиб келадилар.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб ҳукуматлари Қрим аннексиясидан кейин Россия расмийларининг туркийзабон ва мусулмон бу миллатга муносабати юзасидан кескин танқидий чиқишлар қилган.
Россия Адлия вазирлиги қарори Мажлисни давлат оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиш, йиғилишлар ўтказиш, сайловларда иштирок этиш ҳамда банкларда махсус ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.