Тулада янги туғилган боласини бўғиб ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик аёл устидан очилган жиноят иши судга оширилди. Терговчиларга у болани боқа олишига кўзи етмаганидан ўлдирганини маълум қилган.
Тула шаҳрининг Пролетарский туман прокурори ўз фарзандини ўлдирганликда айбланаётган 27 ёшли ўзбекистонлик Камола Давронова устидан очилган жиноят ишини маҳаллий судга топширди.
- Жиноий иш дарҳақиқат судга юборилди. Вилоят прокуратураси айблов хулосасини тасдиқлади. Бу аёл Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг оғир бўлган 105- моддаси 2- қисми “в” банди (вояга етмаганни ўлдириш) асосида айбланмоқда. Айбланувчи ўзбекистонлик аёл ўтган йилнинг августидан буён ҳибсда сақланмоқда, деди тафсилотларни Озодликка гапириб берган Пролетар туман прокуратураси навбатчиси.
2015 йилнинг 16 августида Тула шаҳар туғруқхоналаридан бирида ўзбекистонлик Камола Давронова фарзанд кўради. Она ва соппа-соғ туғилган қизалоққа врачлар 4 кундан кейин шифохонадан рухсат беради.
20 август куни шифохонадан кўчага чиққан Камолани бола боқиш ва ўстириш ўйи хавотирга солиб қўяди. У терговчиларга ҳам ишлаб, ҳам болага қарашнинг иложи йўқлиги туфайли жиноятга қўл урганини тушунтириб берган.
Шу куниёқ у Тула шаҳрининг Яблочкова кўчасидаги овлоқ жойга ўтиб, болани бўйнидан бўғади. Бола шу жойдаёқ ҳаётдан кўз юмгани Тула прокурорлари томонидан айблов хулосасида акс эттирилди.
Камола жиноят изларини йўқотиш мақсадида ўша куниёқ кечки пайт боланинг танасини Кимовский туманидаги Шахтинский қўрғонидаги мусулмонлар қабристонга кўмиб келганликда айбланмоқда.
Тула шаҳар 2-сонли болалар шифохонаси участка педиатри бир неча кундан кейин болани режа асосида кўришга борди ва аёл яшаётган жойдан уни топа олмади. Давронованинг бола ҳақида маълумот бермаётгани тиббиёт мутахассисини хавотирга солади ва у Криволученский полиция бўлимига бу ҳақда билдиришнома ёзиб беради.
Полициячиларга Давронова боланинг қаерда эканини тушунтириб бера олмади ва ҳибсга олинди.
Полицияда Камола 2011 йилдан буён Тулада ноқонуний яшаб келаётгани ва тайинли иш жойи йўқлиги аниқланди.
Тула шаҳар Пролетарский туман судида мазкур иш юзасидан маҳкама тайинланиши кутилмоқда. Айби маҳкамада ўз исботини топса 27 ёшли Камола Давронова 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.