Қрим Олий суди қрим татарлари Мажлиси "экстремистик ташкилот эканини" тасдиқлади

Қрим татар лидерларидан бири Рефат Чубаров.

Қрим Олий суди 26 апрель куни қуйи инстанция судларининг Қрим татар миллий Мажлисини "экстремистик ташкилот деб топиш ва фаолиятини тўхтатиш" тўғрисидаги қарорларини тасдиқлади.

Россия Адлия вазирлиги ўтган ҳафтада Қрим татар халқи миллий Мажлисини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган эди.

Қрим татар лидерларидан бири Рефат Чубаров Мажлис Киевга кўчирилиши ва ўз фаолиятини Украина пойтахтидан туриб тўлақонли давом эттиришини маълум қилди.

Қримнинг 2,5 миллионлик аҳолисининг 12 фоизини ташкил қилувчи қрим тататарлар мухториятнинг Россия томонидан аннекция қилинишига норозилик билдириб келмоқда. Қрим татар халқи лидерлари, жумладан, Мустафо Жамилевга ярим оролга кириш тақиқлаб қўйилган. Минглаб қрим татарлари Қрим Россияга қўшиб олинганидан сўнг уйларини тарк этган.